КОНСТИТУЦИЯ — ҲУҚУҚЛАРИМИЗ КАФОЛАТИ
Конституция – ҳар бир ҳуқуқий-демократик давлатнинг Асосий қонунидир. Конституция сўзи луғавий жиҳатдан “Низом”, “Қоидалар тўплами” деган маънони англатади. Мазмун-моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат мамлакат, унинг фуқаролари ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга.
1992 йил 8 декабрда XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилинган Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституциямиз ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда ҳуқуқий кафолатидир. Халқимизнинг асрий орзулари, озод ва обод Ватан тараққиёти тамойиллари, юртимиз фуқароларининг бурчлари, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ўзида мужассам этган Бош қомусимиз том маънода ижтимоий тараққиёт суръатларига таъсир кўрсатадиган муҳим манба, юксалишни белгилайдиган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Конституция – Бош қомусимиз” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Унда Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош мутахассиси Саламат Туремуратов иштирок этди. У Конституциянинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамияти ҳамда фуқаролар ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Конституция умуминсоний ҳамда халқимизнинг асрлар давомида сайқалланиб келаётган тарихий, миллий, ҳуқуқий ва маънавий қадриятларининг уйғун ва ҳамоҳанглиги асосида яратилгани хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Мамлакатимиз Бош Қомусида жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиши ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар белгилаб берилган. Амалдаги барча қонунлар ва бошқа ҳужжатлар Конституция негизида ва унга мувофиқ тарзда қабул қилинади. Бош қомусимиздаги барча моддалар шу юртда яшаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари, хоҳиш-иродасини ифодалайди, яъни ҳар бир шахснинг тақдирига дахлдор.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
- 7 Декабря, 15:23
-
Подробнее