Янгиликлар

not found

ДХХ томонидан “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Сўнгги вақтларда республикамизда ўткир респиратор касалликларга чалинган болаларда “Док-1 Макс” сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати кузатилганлиги кенг жамоатчиликни хавотирга солди.Ҳиндистон давлатининг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли мазкур дори воситаcи мамлакатимизга “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилиниб, савдога чиқарилган. Таъкидлаш лозимки, препарат уй шароитида болаларга шифокор рецептисиз, ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лаборатор ўрганишларига кўра, “Док-1 Макс” сиропининг таркибида мавжуд бўлган “этиленгликоль” моддаси бемор саломатлигида жиддий салбий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази хулосасига кўра, “Док-1 Макс” сиропи меъёрий ҳужжатда белгиланган талабларга жавоб бермайди. Ҳозирда ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

  • 28 Декабрь, 09:40
  • Батафсил
not found

2023 йилга мўлжалланган Давлат бюджети маъқулланди

Сенатнинг 36-ялпи мажлисида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Мазкур Қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024–2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган. Таъкидланганидек, Қонунга кўра, 2023 йилда мамлакатимиз иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 5,3 фоизни ва истеъмол нархлари индекси 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 9,5 фоиз миқдорида бўлишидан келиб чиқиб, Давлат бюджети параметрлари ҳисоб-китоб қилинган. Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг даромадлари 2023 йилда 310,7 трлн сўмни ҳамда харажатлар 343,2 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланмоқда. 2023 йилги Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда. Сенаторлар Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар миқдорига жиддий эътибор қаратдилар. Қайд этилганидек, таълим соҳаси харажатлари 58,4 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 трлн сўм, маданият соҳасига 2,5 трлн сўм, спорт соҳасига 2,3 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 2023 йилда 1,8 трлн сўм йўналтириш белгиланган. 2023 йил учун Давлат бюджетида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун 18,1 трлн сўм ажратилади. Шу билан бирга келгуси йилда жами 52 мингдан ортиқ даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн сўм субсидиялар тўлаб берилиши кўзда тутилган. Иқтисодиётга ажратилиши режалаштирилаётган харажатлар 36,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,4 фоизни, жами харажатларнинг 14 фоизини ташкил этиб, бу маблағлар асосан томчилатиб суғориш, геологик қидирув ишларини ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган. Мазкур Қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.

  • 27 Декабрь, 16:00
  • Батафсил
not found

Док-1 Макс сиропи ўрганиш натижалари: Жиноят аломатлари мавжуд, барча масъуллар ишдан олинди, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди

Самарқанд шаҳрида Док-1 Макс дори воситасини қабул қилиш натижасида болаларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди.  Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда хизмат текшируви ўтказилди. Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаcи мамлакатимизда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Юртимизга ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилинган. Текширув жараёнида мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланди. Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади. Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган. Ваҳоланки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади. Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради. Вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди. Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди. Айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари юртимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади. Шу ўринда вазирлик ота-оналардан фарзандлари саломатлигига бефарқ бўлмасликларини, дорихоналардан фақат шифокор рецепти билангина дори воситаларини харид қилишларини сўраб қолади.

  • 27 Декабрь, 10:30
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech