Компаниянинг коррупцияга қарши сиёсати

“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг коррупцияга қарши курашиш

С И Ё С А Т И

1-боб. Умумий қоидалар

  1. “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати (кейинги ўринларда Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати деб юритилади) ходимлар орасида ҳамда жамиятда коррупцияга қарши курашиш маданияти даражасини ошириш мақсадида Компаниянинг юқори ахлоқий меъёрларга содиқлигини, шунингдек, “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг ходимлари фаолиятида коррупциявий ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймасликни акс эттиради.
  2. Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимлари – Фойдаланиш бўйича талаблар ва тавсиялар” халқаро стандарти талабларини инобатга олган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар тавсиялари ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
  3. “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси (кейинги ўринларда – Компания деб юритилади) тизимидаги бирлаштирилган корхона ва ташкилотлар ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати фаолиятининг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда қабул қилишлари, коррупцияга қарши курашиш механизмларини, мавжуд бўлган коррупция хавфи, тажрибаси ва мавжуд манбалари асосида ишлаб чиқишлари ва амалга оширишлари лозим.
  4. Компания ва унинг тизимидаги бирлаштирилган корхона ва ташкилотларда (кейинги ўринларда – компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар деб юритилади) коррупцияга қарши курашишнинг асосий мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотларда коррупцияни тубдан йўқотишга эришиш;

- ишлаб чиқариш, тижорат ва савдо соҳаларидаги ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш;

- бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

- коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, уларнинг оқибатлари, уларга олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш.

  1. Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати Компаниянинг ички ҳужжати сифатида юқорида кўрсатилган асосий мақсадларга эришиш учун компания фаолиятида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга барҳам беришга қаратилган асосий талаблар ва тамойилларни белгилаб берувчи асос ҳисобланади.
  2. Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатининг талаблари эгаллаб турган лавозими ва бажарадиган вазифа ва функцияларидан қатъий назар Компаниянинг барча ходимларига, шу жумладан, ҳудудий ва тасарруфий ташкилотлар ходимларига тадбиқ этилади.
  3. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларга ишга қабул қилинаётган ҳар бир шахс ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати билан имзо қўйган ҳолда танишишга ва унинг қоидаларига риоя қилишга мажбур.
  4. Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалар қўлланилади:

      иш жараёнидаги меҳмондўстлик белгилари – компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари манфаатларида фаолият давомида ҳамкорлик ўрнатиш ва (ёки) қўллаб-қувватлашга алоқадор харажатлар, шу жумладан, ишбилармонлик билан боғлиқ кечки овқат, транспорт ва яшаш харажатларини қоплаш билан боғлиқ харажатлар ва ҳоказолар;

         коррупцияга қарши курашиш талаблари бузилганлиги тўғрисида виждонан хабар бериш – компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходими томонидан коррупциявий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги (содир этишга суиқасд қилинганлиги) тўғрисида рухсат этилган алоқа каналлари орқали асослилигига ишонч ҳосил қилган ҳолда йўллаган мурожаат;

         контрагент (шартномавий шерик) – компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар билан шартномавий муносабатларга (меҳнат муносабатлари бундан мустасно) киришган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс;

коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш; 

           коррупциявий ҳаракатлар – ходим томонидан пора берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги учун бевосита ёки билвосита, шахсан ёки учинчи шахслар орқали порани яъни пул, қимматбаҳо қоғозлар, бошқа мол-мулкни, мулкий тусдаги хизматларни, бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш, талаб қилиш, таклиф қилиш, ваъда қилиш ва бериш, шунингдек, пора бериш ва (ёки) олишда воситачилик қилиш, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловларни олиш, ходим томонидан пора олиш ёки ҳуқуққа хилоф бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция белгиларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

коррупцияга қарши курашиш тизими – қўлланиладиган амалдаги қонунчилик ва ички ҳужжатларни коррупциявий жиҳатдан бузилишини бартараф этиш, компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари томонидан юқори даражада касбий ва ахлоқий фаолият олиб боришларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи;

коррупциявий хавф-хатар – компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари ёки учинчи шахслар томонидан компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар номидан ва (ёки) уларнинг манфаатларини кўзлаб коррупциявий хатти-ҳаракатларни содир этиш эҳтимоли ва хавфи;

манфаатлар тўқнашуви – компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимининг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги, унинг хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда ходимнинг шахсий манфаатдорлиги билан компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;

расмиятчиликни соддалаштириш учун тўловлар – белгиланган тартиб-таомиллар бажарилишини таъминлаш ёки тезлаштириш, тегишли қонунчилик, нормалар ва қоидаларда назарда тутилмаган ҳаракатлар содир этиш учун ғайриқонуний равишда бериладиган пул маблағлари, мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, хизматлар ва бошқа моддий ёки номоддий наф;

       ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходими томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида унинг яқин қариндоши ёки ходимга алоқадор бўлган шахслар томонидан ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган пул маблағлари, моддий ёки номоддий қимматликлар, бошқа мол-мулк, бойлик ва имтиёзлар кўринишида шахсий наф олиш имконияти (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлари);

ходим – компания билан меҳнат муносабатларига киришган шахс;

яқин қариндошлар – ота-она, туғишган ва ўгай ака-укалар ва опа-сингиллар, эр (хотин), фарзандлар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболар, бувилар, неваралар, шунингдек эрнинг (хотиннинг) ота-онаси;

2-боб. Коррупцияга қарши курашишнинг асосий тамойиллари

  1. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш тизимини қуйидаги тамойилларга асосланиб амалга оширади:

            қонунийлик – Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари, давлат органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича жаҳонда тан олинган амалиётни ҳисобга олган ҳолда ҳамда компания тизимининг белгиланган ички ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;

           коррупцияга тоқатсизлик – Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ўз фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг ҳар қандай шакллари ва кўринишларига муросасиз муносабатда бўлади. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг ходимларига коррупциявий хавф-хатар келиб чиқиши мумкин бўлган фаолиятда бевосита ёки билвосита иштирок этиш тақиқланади;

           очиқлик ва шаффофлик – Компания тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари ва контрагентларини, кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;

           коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг превентивлиги, тизимлилиги ва ўзаро боғлиқлиги – Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишига ва коррупциявий хавф-хатарларга кўмаклашувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган превентив чора-тадбирларни амалга оширишга устувор аҳамият беради. Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва тартиб-таомиллар аниқланган хавф-хатарлар даражасига мувофиқ келади ҳамда Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг барча функциялари ва йўналишларига интеграция қилинган коррупцияга қарши курашиш тизимига бирлаштирилган;

          коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги – коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган компания тизими ходимлари ўз мақоми ва эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар Компаниянинг ички ҳужжатлари ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади;

Компанияда коррупцияга қарши курашиш тизимини яратишда илм-фан тараққиётининг сўнгги ютуқларидан, шу жумладан, интеграциялаштирилган ахборот тизимларидан фойдаланишга интилади;

          тўғридан-тўғри раҳбариятга мурожаат қилиш – Компания тизимининг ҳар бир ходими коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги тўғрисида ишончли ва асосли маълумотлар мавжуд бўлганда белгиланган чораларни кўриш учун тўсқинликсиз Бошқарув раисига мурожаат қилиши мумкин;

         фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик – Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ўзларига юклатилган функцияларни бажаришда фаолиятини ҳалоллик, холислик ва мустақиллик асосида мустақил назорат қилиш мақсадида фуқаролик жамияти вакилларини жалб этадилар;

коррупцияга қарши курашиш тизимини доимий равишда такомиллаштириш – коррупцияга қарши курашиш тизимини мониторинг ва назорат қилиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни амалга ошириш натижаларига кўра меҳнат органлари ва тасарруфий ташкилотлар Компания тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг самарадорлигини тўхтовсиз равишда кучайтириш чораларини кўрадилар. 

3-боб. Коррупцияга қарши курашиш тизимнинг элементлари

  1. Коррупцияга “мутлақо тоқатсизлик” тамойилига таянган ҳолда Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг барча ходимларига коррупция билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракатларда иштирок этиши, яъни пора берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши ёки ҳаракатсизлиги учун бевосита ёки билвосита, шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора, яъни пуллар, қимматбаҳо қоғозлар, бошқа мол-мулк, мулкий тусдаги хизматларни беришни талаб қилиш, товламачилик қилиш, ваъда бериш ва пора бериш, пора бериш ва (ёки) олишда воситачилик қилиш, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловларни олиш, шахс томонидан пора олиш ёки ғайриқонуний бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиши қатъиян тақиқланади.
  2. Қуйидагилар Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш тизимининг асосий элементлари ҳисобланади:

 а) коррупцияга қарши курашиш бўйича асосий ички ҳужжатлар мавжудлиги, яъни компания ва тасарруфий ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш тизимининг асосини:

 - Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати;

 - “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари;

 - “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомда акс эттирилган тамойиллар ва талабларни ташкил этади;

 б) “Юқоридан қуйига муносабат” – Юқори даражада раҳбарлик намунаси:

   Компания раҳбарлари, шунингдек, компания тасарруфий ташкилотларнинг таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ўзига бўйсунувчилар, фуқаролар ва юридик шахслар билан муносабатларда ҳалол, адолатли ва мустақил хулқ-атвор намунасини кўрсатишлари керак;

 Бошқарув раиси, раис ўринбосари, тасарруфий ташкилотлар раҳбарлари коррупцияга қарши курашиш самарали тизимини яратиш ва амалга оширишда қуйидагилар орқали етакчиликни намоён этадилар:

   - Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятининг хавф-хатарга эга функциялари (йўналишлари)га коррупцияга қарши курашиш самарали чора-тадбирлар ва тартибларни жорий этиш, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш дастурини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини назорат қилиш орқали кўмаклашиш;

        - ўз мансаб мажбуриятларини бажариш доирасида компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларида коррупциянинг барча шакллари ва кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантирган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик нормалари ва қабул қилинган ички ҳужжатларга риоя қилиш ва ахлоқий хулқ-атвор юзасидан шахсан намуна сифатида намоён бўлиш;

в) коррупциявий хавф-хатарни аниқлаш ва баҳолаш:

- Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар функцияларининг хусусияти, ташкилий тузилмаси, жамият ва бошқа шахслар билан ўзаро фаолият олиб боришига ҳамда бошқа ички ва ташқи омилларга боғлиқ ҳолда ўз фаолиятига хос бўлган коррупциявий хавф-хатарлар аниқланади ва баҳоланади;

           - коррупциявий хавф-хатарни аниқлаш ва баҳолаш доирасида Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятининг барча соҳалари коррупциявий хавф-хатарга кўпроқ учрайдиган функцияларни аниқлаш мақсадида таҳлил қилинади, уларда мавжуд бўлган коррупцияга қарши курашишни назорат қилишнинг барча шакллари ва тартиб-таомиллари аниқланган хавф-хатарларни камайтириш учун етарлилиги жиҳатидан ўрганилади. Хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш жараёнида компания тизимида коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” хизмати (кейинги ўринларда - “Комплаенс назорат” хизмати деб юритилади) фаол қўллаб-қувватлаши, назорати остида Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг тегишли раҳбарлари, коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи шахслар иштирок этади;

    Компаниянинг коррупциявий ҳаракатларга “мутлақо тоқатсизлик”ни ҳисобга олган ҳолда компания коррупциявий хавф-хатарларнинг юзага келиш эҳтимоли ва таъсир қилиш даражасидан қатъий назар уларни бошқариш заруратини тан олади;

    Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш йилига камида бир марта амалга оширилиб, баҳолаш натижалари Бошқарув раиси томонидан кўриб чиқилади. Шунингдек, аниқланган хавф-хатарларни камайтирувчи коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлар ва тартиблар компаниянинг коррупцияга қарши курашиш дастурларида акс эттирилади.

           г) коррупцияга қарши курашиш учун масъул шахслар ва бўлинмалар:

            Компания тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш мақсадида компанияда коррупцияга қарши курашишни шакллантириш ва назорат қилиш жараёни учун масъул бўлган алоҳида таркибий тузилма – “Комплаенс назорат” хизмати ташкил этилган;

           “Комплаенс назорат” хизмати компанияда коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифаларни амалга оширишда етарли даражада мустақилликка ва муҳим ресурсларга эга бўлиб, бевосита Бошқарув раисига бўйсунади ва ўз фаолиятини раис томонидан тасдиқланган “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси тизимида коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” хизмати тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширади;

Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш учун  ҳудудий ва тасарруфий ташкилотларда рухсат этилган лавозимларга коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштириш функцияси юклатилиши мумкин. Коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштириш функциялари “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси тизимидаги бирлаштирилган корхона ва ташкилотларда юқори даражада коррупциявий хавф-хатарга эга бўлмаган, шунингдек, етарли даражада мустақил бўлган ходимига юклатилади;

“Дори-Дармон” акциядорлик компанияси тизимидаги бирлаштирилган корхона ва ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчилари коррупцияни бартараф этиш чораларини кўради, шу билан бирга, ўзига юклатилган вазифалар доирасида “Комплаенс назорат” хизмати билан ҳамкорлик қилади;

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширишда Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг Кадрлар ишларига масъул ходимлари “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ белгиланган тартибда ва ҳажмда ходимлар ва алоқадор шахсларнинг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ва тизимли йиғиш, таҳлил қилиш ва янгилаб бориш учун жавобгар бўлади;

д) аниқланган коррупциявий хавф-хатарни минималлаштирувчи коррупцияга қарши курашиш чоралари:

- Компания ўз фаолияти ва функцияларидаги коррупциявий хавф-хатарли йўналишларда умумий назорат муҳитини ва коррупцияга қарши курашиш назорат ҳамда тартиб-таомилларни ўз ичига олувчи коррупцияга қарши курашишнинг комплаенс тизими жорий этилади.

- Компанияда коррупцияга қарши курашишни назорат қилиш ва тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, жумладан, уларнинг аниқланган хавф-хатар даражасига мутаносиблиги, компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари учун қатъийлиги ва аниқлиги, фуқаролик жамияти учун шаффофлигини таъминлашга интиладилар;

- амалга ошириладиган тадбирлар, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича назорат чоралари ва тартиб-тамоиллар компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури режасида акс эттирилади ҳамда тегишли ички ҳужжатларда белгиланади;

е) ахборотлаштириш, коммуникация ва маслаҳат бериш:

- коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва компаниянинг коррупцияга қарши курашиш тамойиллари ва талаблари ҳақида жамиятнинг хабардорлигини ошириш мақсадида, мазкур Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати ва компаниянинг коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлари тўғрисидаги асосий маълумотлар уларнинг Интернет тармоғидаги расмий веб сайтларига жойлаштирилади.

Бундан ташқари, компания коррупцияга қарши курашиш амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари ва коррупцияга қарши курашиш жорий этилган тамойиллар ва талаблар ҳақида компания ходимлари ва бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилиш ва тушунтириш бўйича қуйидагилар орқали барча оқилона хатти-ҳаракатларни амалга оширади:

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларини йилига камида бир марта коррупцияга қарши курашиш асослари бўйича доимий ва тизимли ўқитиш, шу жумладан, ишга янги қабул қилинаётган ходимларни ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқа ички ҳужжжатлар билан мажбурий тартибда таништириш билан биргаликда уларни коррупцияга қарши курашиш бўйича мажбурий курсларда ўқитиш;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари ва фуқароларнинг коррупцияга муросасиз муносабатини шакллантириш бўйича ва коррупцияга қарши курашишда амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида хабардорлигини оширишга қаратилган тематик аудио ва видеороликлар ҳамда бошқа ахборот маълумотларидан фойдаланган ҳолда коррупцияга қарши курашиш тадбирларини ўтказиш;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги, гумонлар ёки фактлар, коррупциявий хавф-хатарлар ва бошқалар (коррупция фактлари ҳақида хабар берилиши мумкин бўлган усуллари) тўғрисидаги батафсил маълумот мазкур Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатининг 4-бобида назарда тутилган хабар берилиши мумкин бўлган алоқа каналлари билан таъминлаш;

- мазкур Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати қоидаларини қўллаш ёки “Комплаенс назорат” хизмати коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи томонидан коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари ва тартиб-таомилларни амалга ошириш билан боғлиқ саволлар келиб чиққанда компания ходимларига маслаҳатлар бериш;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларининг меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши курашиш қоидаларни киритиш;

- тасдиқланган режага мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул шахс томонидан коррупцияга қарши курашиш юзасидан ташвиқотлар ўтказиш;

- контрагентларни коррупцияга қарши курашиш қабул қилинган талаблар ва тамойиллар ҳақида, шу жумладан, улар билан тузиладиган шартномаларга коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус шартларни киритиш тўғрисида хабардор қилиш;

г) мониторинг, назорат ва ҳисобот:

“Комплаенс назорат” хизмати Компания тизимида коррупцияга қарши курашишда амалга оширилган чора-тадбирларнинг етарлилиги, мутаносиблиги ва самарадорлигини баҳолайди ҳамда доимий мониторингини олиб боради. Ўтказилган мониторинг натижалари бўйича компания ва унинг тизимидаги ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тегишли чоралар кўрилади.

Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларда мониторинг ва назорат қилишнинг қуйидаги тартиб-таомиллари амалга оширилади:

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолияти ва функцияларидаги ўзгаришлар, уларнинг ташкилий-функционал тузилмасидаги ўзгаришлар ҳамда бошқа ички ва ташқи омилларнинг компанияда коррупцияга қарши курашиш тизимига таъсирини, мазкур тизимга ўзгартириш киритиш заруриятини таҳлил қилиш, шу жумладан, уни амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш;

- тасдиқланган режага мувофиқ коррупцияга қарши курашиш тизимининг ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида танлов асосида компания тизимидаги функциялар ва ички жараёнларни мониторинг қилиш;

- ички ва ташқи ўрганишларни ўтказиш жараёнида компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича талабларга риоя қилинишини назорат қилиш;

- “Комплаенс назорат” хизмати коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи ва бошқа таркибий тузилмаларга юклатилган коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тегишли тартибда амалга оширилиши устидан назорат олиб бориш;

- коррупцияга қарши курашиш тизимини назорат қилиш ва мониторинги бўйича чора-тадбирлар натижалари Бошқарув раиси, Кузатув кенгаши ва компания тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг йиллик ҳисоботларида ўз аксини топади.

з) ҳуқуқбузарликларга нисбатан муносабат билдириш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш:

- Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатига амал қилиш ва Компания тизимида коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларга риоя қилиш ҳар бир ходим учун ўз хизмат мажбуриятлари бажарилиши доирасида мажбурийдир. Ходимлар белгиланган талаб ва тартибларни бузганлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади. Бундан ташқари, бевосита раҳбарлар ўз бўйсунувидаги ходимлар томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этилганлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланадилар;

- коррупцияга қарши курашишга оид белгиланган талаблар ва тамойилларни бузган компания ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар;

- ходимлар уларни коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни содир этишга ундовчи шахсларнинг ҳар қандай мурожаатлари тўғрисида, шунингдек, бошқа ходимлар томонидан содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўзига маълум бўлган ҳар қандай фактлар ҳақида тўғридан-тўғри “Комплаенс назорат” хизматига хабар беришлари шарт; 

- коррупцияга мутлақо тоқатсизлик тамойилини ҳисобга олган ҳолда, Компания тизимида компания ходимларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этишлари билан боғлиқ ҳар қандай асосли шубҳа бўйича хизмат текширувлари Ўзбекистон Республикаси конунчилиги талабларига мувофиқ ва ички ҳужжатларда белгиланган тартибда ўтказилади.

- коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини ва (ёки) мазкур коррупцияга қарши курашиш Сиёсати ва Компаниянинг бошқа ички ҳужжатларида белгиланган коррупцияга қарши талаб ва тартиб-таомилларни бузган ходимлар, уларнинг лавозими, хизмат муддати ва бошқа омиллардан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳамда компаниянинг ички ҳужжатларида назарда тутилган талаблар доирасида асосли жавобгарликка тортиладилар;

- коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда компанияда уларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини таҳлил қилиниб, доимий равишда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирилади;

- Компания коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва текшириш учун бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат органлари билан ҳамкорлик қилади.

4-боб. Коррупцияга қарши курашишнинг асосий йўналишлари

  1. Манфаатлар тўқнашувини бошқариш
  2. Компания ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини бажариш ва (ёки) меҳнат органлари манфаатларини ифодалаш доирасида виждонлилик ва ҳалоллик тамойилларига амал қилиши, шахсий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўзларининг хизмат мавқеидан ва компаниянинг мол-мулкидан фойдаланмаслик ва манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган вазиятлардан сақланишлари лозим.

Компания ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини лозим даражада ва холис бажаришларига, жумладан, холис қарор қабул қилишга ҳамда меҳнат органлари ва тасарруфий ташкилотларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, мол-мулки ва (ёки) нуфузига таъсир қиладиган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган вазиятда манфаатлар тўқнашуви юзага келади.

  1. Компания тизимининг ходимлари ишга қабул қилинишида, бошқа лавозимга ўтказилишида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлиги ҳақидаги маълумотларни ҳар йили ва тегишли вазиятлар юзага келишига қараб ошкор қилишга мажбурдирлар. Компания ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш ва уни ҳал қилиш жараёни Компания тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги ички хужжатлар билан тартибга солинади.
  2. Совғалар ва иш жараёнида меҳмондўстлик белгилари
  3. Компания ходимларига ўз хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан бирон-бир совға ёки иш жараёнида меҳмондўстликнинг белгилари, қарз, кафолатлар, кафилликлар, мукофотлар шаклида рағбатлантириш воситаларини, нақд пул маблағлари ёки уларнинг эквиваленти, қимматли қоғозлар кўринишида моддий ёрдам қабул қилиш таъқиқланади.
  4. Компания ходимлари томонидан расмий делегациялар таркибида, расмий тадбирларда, жумладан, хорижда олинган ҳар қандай совғалар суммасидан қатъий назар компаниянинг мулкига ўтказилади.
  5. Компания ходимларига уларнинг шахси билан боғлиқ байрамлар (туғилган кун, фарзанд туғилиши, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни ва ҳоказолар)да берилган, хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлмаган совғалар ходимнинг шахси билан боғлиқ совғалар деб тан олинади.
  6. Бундай совғалар компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг камида уч нафар ходимлари иштирокида берилиши ҳамда совға бериш жараёни табрик нутқи билан бирга бўлиши, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа ўзининг аниқ ифодасини топган бўлиши керак.
  7. Шубҳалар пайдо бўлмаслиги учун бошқа давлат органлари ва тасарруфий ташкилотлар ходимлари, шериклар ва контрагентлар, ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатининг 15 ва 16-бандларида кўрсатилмаган бошқа жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай байрам (туғилган кун, фарзанд туғилиши, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни ва ҳоказоларни инобатга олган ҳолда, бироқ бу билан чекланмасдан) билан боғлиқ ҳолда олинадиган, ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатининг 14-бандида санаб ўтилган совғалар ва бошқа моддий бойликларни олиш тақиқланади.
  8. Компания номидан халқаро конференцияларда, симпозиумларда ва бошқа ишбилармонлик (хизматга оид) йиғилишларида совғалар бериш Бошқарув раиси (ёки унинг ўринбосари)нинг буйруғи билан харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.
  9. Совғани қабул қилишнинг қонунийлиги тўғрисида шубҳа туғилган ҳар қандай ҳолларда компания ходими “Комплаенс назорат” хизматига маслаҳат сўраб мурожаат қилиши лозим.
  10. Ходимларни танлаш, лавозимдан лавозимга ўтказиш, моддий рағбатлантириш
  11. Компания ходимларини танлаш, уларни аттестациядан ўтказиш ва фаолиятини баҳолаш, шу жумладан, мукофот пулларини тўлаш, устама ҳақлар ва бошқа турдаги мукофотларни белгилаш жараёни барча ходимлар учун шаффоф, тенг ва холис бўлиб, ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатининг асосий тамойиллари ва талабларига мувофиқ келади.
  12. Компания раиси, шунингдек, бошқа раҳбарларини мукофотлашга асос бўлиб хизмат қиладиган, улар фаолиятининг асосий кўрсаткичларини баҳолаш тартиби ва мезонлари ишлаб чиқилган бўлиши лозим. Ушбу кўрсаткичлар холис, ошкора ҳамда компания ходимлари томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
  13. Ўрганишларни ўтказиш ҳамда компания бирлаштирилган корхона ва ташкилотлар фаолиятини ўрганиш
  14. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларда ўрганишларни ўтказиш (кейинги ўринларда – “Ўрганиш объектлари”) хамда фаолиятини ўрганишда ваколатли компания ходимлари:

- манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги;

- объектни ўрганиш бир ходим томонидан (якка тартибда) амалга оширилмаслиги;

- содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни сохталаштириш учун ўрганиш объекти вакилларининг саводсизлигидан фойдаланиб қонун ҳужжатлари нормаларини нотўғри талқин қилмаслиги, ўрганилаётган объект ходимларини аниқланган фактларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш билан қўрқитмаслиги;

- ўрганилаётган объектнинг ходимларига таҳдид қилмаслиги;

- ўрганиш предметига кирмайдиган масалалар билан қизиқмасликлари ва ҳужжатларни сўрамасликлари;

- ваколатли компания ходимлари ўрганиш давомида аниқланган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қонуний ва профессионал баҳо беришлари;

- агар ўрганиш объекти вакиллари ваколатли компания ходимларига аниқланган қонунбузарликларни яшириш учун пора ва (ёки) бирон-бир моддий қимматлик ёки хизматларни таклиф қилса, текшириш гуруҳи раҳбарини дарҳол хабардор қилишлари;

- ўрганиш объекти вакилларига ваколатли компания ходимларининг ахлоқий хулқ-автор тамойилларига мувофиқ холис муносабатда бўлишлари шарт.

  1. Хизмат мажбуриятига компаниянинг таркибий тузилмаларида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича компания (ёки ходимлари) томонидан қабул қилинган қарорлар юзасидан низолашиш учун апелляция инстанциялари ташкил этилади.
  2. Контрагентлар ва учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар
  3. Компания ва унинг таркибидаги ташкилотлар ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатининг тамойиллари ва талабларига зид бўлган ҳар қандай тўловлар ва (ёки) шу каби коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун маҳсулот етказиб берувчилар, пудратчилар ва бошқа учинчи томонларни жалб қилмайдилар.
  4. Компания ва унинг таркибидаги ташкилотлар контрагентлар билан муносабатларда ўз фаолиятини амалга оширишда қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига амал қиладилар. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар танлашнинг холис мезонларидан фойдаланишга асосланган, маҳсулот етказиб берувчилар, пудратчилар ва бошқа контрагентларни танлаб олишнинг ҳаққоний, очиқ ва шаффоф жараёнини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва сотиб олинадиган маҳсулотларнинг Компания тизимининг ички ҳужжатлари билан тартибга солинадиган баҳосини аниқлашнинг шаффоф тартибини таъминлайдилар.
  5. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар контрагент билан ўзаро ҳамкорлигида:

- эҳтимоли юқори бўлган контрагентнинг ишончлилигини, шу жумладан, ўтмишда коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги, компания давлат харидлари тўғрисидаги низомга мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормалари доирасида компания тизими ходимлари билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслигини текширадилар;

- эҳтимоли юқори бўлган контрагентни (танлов, тендер ғолибини ва тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид контрагентини) ўзининг коррупцияга қарши тамойиллари ва талаблари ҳақида улар билан тузиладиган шартномалар матнига коррупцияга қарши махсус шартларни қўшган ҳолда хабардор қиладилар.

  1. Хайрия ва ҳомийлик фаолияти
  2. Компания қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда хайрия ва ҳомийликни қабул қилишлари мумкин. Бундай ёрдамни олган пайтда Компания манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, маблағларни қонунда ва (ёки) шартномада белгиланган мақсадлар учун самарали сарфланишини таъминлаш, шунингдек Интернет тармоғидаги ўзининг расмий веб-сайтларида ёритиш бўйича имкон қадар барча чораларни кўришлари мумкин.
  3. “Сирли мижоз” тадбири
  4. Компания томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати ва тезлигини, шунингдек, ҳаққоний ва очиқ танлов натижаларига кўра танлаб олинган мустақил ташкилотлар томонидан коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишига мойиллигини аниқлаш учун хизматларнинг ҳақиқий олувчилари сифатида алоҳида назорат тадбирлари ўтказилади. Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида жалб этилган мустақил ташкилотлар бундай хизматларнинг сифати, муддатлари, шартларини, шунингдек, компания тизими ходимларининг белгиланган ахлоқ қоидаларига, шу жумладан, ходимнинг пора олишга мойиллигини белгилаб боради.
  5. Компанияда ўтказилган “сирли мижоз” тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқадилар ва коррупция хавфи аниқланган тақдирда хизмат текшируви тайинлаш ҳақидаги ташаббус билан чиқадилар.
  6. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини видеотасвирга олиш ва трансляция қилиш
  7. Компания ходимларининг фаолиятини назорат қилиш учун компания ва унинг тизимидаги ташкилотларга қарашли бинолар ва хизмат хоналарида видео ва аудио ёзув камералари жойлаштирилади, уларнинг ёзувлари компаниянинг масъул ходимлари томонидан доимий равишда кузатиб борилади.
  8. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг расмий веб-сайтларига коррупция хавфи юқори бўлган айрим жараёнлар жойлаштирилади (хусусан, ходимлар билан суҳбат ўтказиш ва уларни синовдан ўтказиш, комиссия йиғилишлари ва бошқалар).
  9. Ички ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизаси
  10. Ички ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда ҳужжатларда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон яратадиган коррупциявий омиллар келиб чиқишининг олдини олиш, аниқлаш ва истисно қилиш мақсадида ҳам экспертиза ўтказилади.
  11. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларига маслаҳат бериш
  12. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг ходимларида коррупцияга қарши амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари, ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати қоидалари ёки компанияда коррупцияга қарши бошқа чора-тадбирлар ва тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай саволлар бўлса, “Комплаенс назорат” хизматига мурожаат қилишлари мумкин.

5-боб. Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш

  1. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг ходимлари ва бошқа шахслар, агар улар Компания тизими ходимлари хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги ва (ёки) одоб-ахлоққа мувофиқлиги тўғрисида шубҳа туғилса, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилишига гумон ёки содир этилганлиги фактлари бўлса, улар бу ҳақда компаниянинг фойдаланиш мумкин бўлган алоқа каналлари орқали хабар беришлари мумкин.
  2. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ўз ваколатлари ва мавжуд имкониятлари доирасида ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишончли маълумот берган шахснинг махфийлигини таъминлайдилар (қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
  3. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ўз ходимларининг манфаатларини ҳимоя қиладилар ва қасос олишга қаратилган ҳаракатларга, шу жумладан, ишдан бўшатиш, лавозимни пасайтириш, камситиш, босим ўтказиш, компания тизими бошқа ходимларининг шубҳали ҳаракатлари ёки улар томонидан ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатининг коррупцияга қарши талабларини бузиш эҳтимоли ҳақида хабар берган шахсларнинг таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини кафолатлайдилар.
  4. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарларни қуйидаги алоқа каналлари орқали бериш мумкин:

- “ишонч” телефон рақами ва Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан ўрнатилган бошқа телефон рақамлар;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган шакллар;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг электрон почта манзиллари;

- тўғридан-тўғри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига.

  1. Компания тизимининг алоқа каналларига келиб тушган барча хабарлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Компаниянинг ички ҳужжатларига мувофиқ масъул бўлим ёки ходимлар томонидан холис тарзда ва ўз вақтида кўриб чиқилади.
  2. Aноним равишда (фақат компания ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг Телеграм каналлари орқали) юборилган хабарлар ҳам кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Ўз номини ошкор қилинмаслигини истаган ариза берувчи бундай ҳолатда қуйидагиларни тан олади:

- компания хабарга жавоб бериш учун мурожаат этувчи шахс билан боғлана олмайди;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар зарур қўшимча маълумотларни олишнинг имконияти йўқлиги сабабли хабарни тўлиқ ва ҳар томонлама текширишни амалга ошира олмайди.

  1. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан келиб тушган хабарга жавоб бериш учун мурожаат этувчи шахс билан қуйидаги ҳолатларда боғланилмайди:

- тўлиқ ва кенг қамровли ўрганиш ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларнинг йўқлиги;

- компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимининг қасддан ёлғон маълумотни тақдим этиши ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсатини бузилиши ва ахлоқсиз хулқ-атворнинг намунаси сифатида қаралса, бундай шахс эса Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва компаниянинг ички ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин.

  1. Компания ва унинг тизимидаги ташкилотлар юзасидан коррупция фактлари тўғрисида виждонан хабар берган компания ходимлари, агар бу маълумотлар тасдиқланган бўлса, ички ҳужжатларга мувофиқ рағбатлантирилади.

6-боб. Қайта кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш тартиби

  1. Ушбу Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати қуйидаги ҳолларда қайта кўриб чиқилиши ва тузатилиши керак:

- амалдаги Коррупцияга қарши курашиш Сиёсати ва тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш заруратини келтириб чиқарадиган ҳолда коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ўзгарганда;

- коррупцияга қарши курашиш самарасиз назорат ва тартиб-таомиллар аниқланганда ва компания фаолиятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларни такомиллаштиришга зарурат туғилганда;

- компания тизимининг ташкилий тузилмаси ва ўз вазифаларини бажариши хусусиятлари ва бошқалар ўзгарганда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech