11:45 (09.10.2024)

412

Касалланган милк ва тишлар Альцгеймер касаллигини келтириб чиқариши аниқланди

Россиялик олимлар оғиз бўшлиғи касалликларини ақли заифлик касаллиги пайдо бўлишига олиб келадиган омиллар рўйхатига киритди. Бу ҳақда The Voice Mag журнали хабар бермоқда.

Нейродегенератив касалликлар бежизга энг хавфли ва яширин деб аталмайди: улар марказий асаб тизимида ривожланади ва ҳужайралар ўлими мазкур жараённи ортга қайтариб бўлмайдиган вақтдагина аниқланади. Олимлар деменциянинг турли шаклларини аввалдан аниқлаш ва касалликни эрта даволашнинг янги усулларини тинимсиз изламоқда.

Жумладан, Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети неврологи, Россия геронтологик тадқиқот-клиник маркази лабораториясининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Мария Чердак Альцгеймер касаллигининг ривожланиш сабабларидан бири аниқлади.

Унинг сўзларига кўра, кексайганда руҳий хасталиклар юзага келишига оғиз бўшлиғида турли яллиғланишни келтириб чиқарадиган бактериялар сабаб бўлиши мумкин.

Мутахассис таъкидлашича, тиш ва милкларнинг яллиғланиш касалликлари билан оғриган одамларда Альцгеймер касаллигига чалиниш эҳтимоли кўпроқдир. Мазкур хасталикларнинг ўзаро боғлиқлик механизми ҳозирча тўлиқ ўрганилмаган. Бироқ ушбу назария қуйидагича тушунтирилади:

Оғиз бўшлиғи ва тишларда ҳосил бўладиган микроорганизмлар бевосита ёки тананинг иммун реакцияси орқали амилоид оқсилининг ишлаб чиқариш жараёнини бошлаб юбориши мумкин. Айнан шу оқсил бош мия ҳужайраларининг шикастланишига олиб келади ва Альцгеймер касаллигини келтириб чиқаради. Бошқа давлатларда ўтказилган тадқиқотлар ҳам оғиз бўшлиғи саломатлиги ва нейродегенератив касалликларнинг ривожланиши ўртасидаги боғлиқлик мавжудлигини тасдиқлайди.

Доктор Чердак кексаларга тиш ва милклар саломатлигига эътиборли бўлишни ва зарур бўлганда протез тишлар қўйишни тавсия қилди. Чунки бош мия касалликларига нафақат инфекция, балки тишлар етишмаслиги ёки касалланиши сабаб бўлиши мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech