14:50 (30.10.2024)
313
Одатда ортиқча вазн ва семизликдан, қолаверса, шу билан боғлиқ қатор касалликлардан азият чекувчиларга шакар ҳамда ширинликлардан тийилиш тавсия этилади.
Аммо сўнгги пайтларда одамлар орасида шакар ўрнини босувчи маҳсулотлар озишга ёрдам беради, соғлик учун ҳам хавфсиз, деган қараш пайдо бўлди. Хўш, бу қанчалик ҳақиқатга мос?
— Биламизки, кунлик шакар истеъмоли меъёри 25-30 граммга тенг, — дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Нозимахон Назарова. — Бундан ортиғи семириш ва хавфли касалликлар ривожланишига олиб келади. Шу сабабли баъзилар шакар ўрнини босувчи сунъий қўшимчалардан фойдаланиш хавфсиз, деб ўйлайди.
Аслида, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларга ширин таъм бағишлашда қўлланиладиган сахарин, аспартам, калий ацесульфам, сукралоза, неотам, адвантам, стевия ва унинг ҳосилалари дастлаб тана вазнини камайтирса-да, аммо ушбу жараён узоқ давом этмайди. Аксинча, бундай маҳсулотларнинг одатий истеъмоли бора-бора семиришга олиб келади. Оқибатда инсонларда 2-тоифа қандли диабет ривожланиш хавфи ошади.
Чунки шакар ўрнини босувчи моддалар шунчаки танани “алдаш”га хизмат қилади. Бу жараёнда оғиз бўшлиғи ва ичакдаги рецепторлар ширин таъмни сезади ҳамда ошқозон ости бези рефлексли равишда аввал одатланган ҳажмда инсулин ишлаб чиқаради.
Ҳосил бўлган инсулин ҳатто оз миқдорда бўлса ҳам, қондаги глюкоза даражасини пасайтиради ва шу билан очлик ҳисси босилади. Аммо буни мия тўлиқ ҳис этмагани боис иштаҳа ошади. Оқибатда вазн ортиши жараёни юз беради.
ЖССТ томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, бундай моддалардан тез-тез фойдаланувчиларда юрак-қон томир касалликларига чалиниш эҳтимоли 32 фоиз (жумладан, инсульт — 19 фоиз, гипертония —13 фоиз) юқори. Ўз навбатида, мазкур омил ўлим хавфи 10 фоиз ортишига хизмат қилади.
Шунингдек, шакар ўрнини босувчи сунъий моддалар ичак микрофлорасига салбий таъсир кўрсатиб, дисбактериозни келтириб чиқаради. Оқсиллар, витаминлар ва микроэлементларнинг организмга сўрилишига тўсиқ бўлади ҳамда иммунитетни сусайтиради. Баъзан бош оғриғи, аллергик реакцияларни ҳам юзага келтириши мумкин.
Шу боис организмнинг шакарга бўлган эҳтиёжини мева-сабзавотлар ва бошқа табиий маҳсулотлар истеъмоли орқали таъминлашни тавсия қиламиз.