Янгиликлар

not found

Болаларга қандай ҳолларда ингаляция мумкин эмас?

Куз фаслида ҳаво ҳарорати пасайиб, организм совуқ кунларга мослашиб боради. Бу жараёнда эса турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса, болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан бирмунча ортади. Бундай ҳолатда кўпчилик ота-оналар фарзандларини уй шароитида ингаляция орқали даволашга ҳаракат қилади. Хўш, бу қанчалик тўғри? Мазкур муолажа усулининг афзалликлари нимада? У қачон ва кимларга тавсия этилмайди? Ушбу саволларга олий тоифали шифокор Равшанбек Умаров батафсил жавоб берди: — Ингаляция – нафас йўлларига дориларни тўғридан-тўғри юбориш усули бўлиб, болалар учун фойдали ҳисобланади, — дейди мутахассис. — Уни, асосан, нафас йўллари касалликлари, бронхит, астма, тонзиллит ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) даврида қўллаш мумкин. Мазкур даволаш усулининг афзаллиги шундаки, ингаляция йўли билан қилинадиган малҳам беморга тез таъсир кўрсатади. Сабаби у орқали дори моддалари бевосита ҳужайраларга етиб бориб, хасталик аломатлари енгиллашади. Ингаляциянинг турлари ҳар хил. Улардан баъзилари шифокор тавсияси билан амалга оширилса, бошқалари уй шароитида қўлланилиши мумкин. Хусусан, небулайзер замонавий қурилма бўлиб, дорини аэрозол кўринишга келтиради. У болалар учун энг мақбул восита ҳисобланади. Унинг фойдаси шундаки, дорилар тўғридан-тўғри нафас йўлларига тушиб, тез таъсир кўрсатади. Небулайзерга шифокор тавсияси асосида берилган махсус дори воситаларини қўшиш мумкин. Буғли ингаляция эса одатда шўр ва доривор моддалар қўшилган сув ёрдамида ишлатилади. У ўсмир болалар учун самарали ҳисобланса-да, кичик ёшдаги болаларда эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим. Шунингдек, аэрозолли ингаляция махсус флаконларда тарқатилувчи дорилар билан амалга оширилиб, астма ва аллергик реакциялар учун ишлатилади. Унутмаслик керакки, баъзи беморларга ингаляция қилиш тавсия этилмайди. Жумладан, тана ҳарорати 38°С ва ундан юқори бўлганда, ўпка ёки юрак фаолиятининг оғир бузилишларида фойдаланиш мумкин эмас.  Ингаляция учун дорилар шифокор томонидан аниқланган касалликларга мувофиқ танланади. Муолажани ўтказишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак: ✔️бола тинч ҳолатда бўлиши ва тўғри нафас олиши;✔️ ингаляцияни таомланишдан камида 1 соат олдин ёки кейин ўтказиш;✔️ муолажа вақти 5-10 дақиқадан ошмаслиги;✔️ небулайзер тозалигига эътибор бериш ва уни ҳар бир қўллашдан сўнг ювиш зарур. Унутманг, ингаляциядан ўзбошимчалик билан фойдаланиш кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис уни қўллашдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг.

  • 27 Октябрь, 10:00
  • Батафсил
not found

“Сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг "Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 667-сон қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) томонидан “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини амалга ошириш тартиблари белгиланди. Бу орқали тиббий хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида қонун талабларига риоя этилишини ННТлар томонидан холис баҳолаш тизими жорий этилади. Шунингдек, эндиликда Рақобат қўмитаси томонидан ҳамда тажриба даврида нодавлат ташкилотлар иштирокида назорат хариди тадбирлари қуйидаги қоидалар асосида амалга оширилади: - Назорат хариди ва “сирли мижоз” тадбирлари қонунийлик, холислик ва махфийлик принципларига асосан ўтказилади; - Бу тадбирлар бўйича режа Қўмита томонидан ишлаб чиқилиб, расмий тарзда тасдиқланади; - Ҳар бир тадбир бўйича масъуллар, жой, муддат, текшириладиган мажбурий талаблар ва фото-видео қайд этиш тартиби буйруқ билан белгиланади; - Назорат хариди жараёнида олинган намуна ва маълумотлар тегишли лабораторияларда синовдан ўтказилади; - Агар товар ёки хизмат қонун талабларига мос келмаса, тегишли ваколатли органларга юборилади ва жамоатчиликка ахборот берилади; - Биринчи марта қонунбузарлик аниқланса, тушунтириш ва ёрдам чоралари кўрилади, такрорий ҳолларда эса текширув белгиланади; - Нодавлат ташкилотлар ўз маблағлари ҳисобидан тадбирларни амалга оширади, Қўмита эса ушбу фаолиятни мувофиқлаштиради ва методик ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, қарор орқали соғлиқни сақлаш соҳасида “сирли мижоз” усули билан тиббиёт ва дорихона хизматлари сифатини баҳолаш ҳамда чакана савдода назорат хариди жараёнларини қонун доирасида йўлга қўйиш учун ҳуқуқий асос яратилди.

  • 24 Октябрь, 17:30
  • Батафсил
not found

Дорихона ходимлари учун навбатдаги ўқув тренинги ўтказилди

“Dori-Darmon” акциядорлик жамияти ҳамда ҳудудлардаги жамиятларга қарашли дорихоналар ходимлари учун навбатдаги ўқув тренинги ташкил этилди. Тренингда дорихона мудирлари ва ходимлари онлайн ҳамда офлайн форматда иштирок этди. Бу сафарги тренинг “Karlovy Vary” бренди иштирокида бўлиб ўтди. Тадбир давомида бренд ва маҳсулот ҳақида батафсил маълумот берилиб, иштирокчиларга минерал сувнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди. Таъкидланганидек, "Karlovy Vary" —минерал суви табиий таркибга эга бўлиб, инсон организми учун фойдали 30 дан ортиқ элементларни ўз ичига олади. Улар орасида кальций, магний, калий, натрий ва селен каби моддалар мавжуд бўлиб, организмдаги мувозанатни сақлаш, иммунитетни мустаҳкамлаш ва ҳазм тизимини яхшилашга ёрдам беради. Шунингдек, “Karlovy Vary” бренди томонидан дорихоналар ўртасида ўтказилаётган, 30 ноябрга қадар давом этадиган акцияда фаол иштирок этиб, шифобахш сувни кўпроқ тавсия этган ва сотиш бўйича юқори кўрсаткичларга эришган ходимлар аниқланиб, фаоллиги учун тақдирланди. “Dori-Darmon” АК бундай ўқув тренинглар орқали ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш билан бир қаторда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишни давом эттирмоқда.

  • 24 Октябрь, 11:32
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech