Янгиликлар

not found

Қандай белгилар аппендицитдан дарак беради?

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўткир аппендицитга дуч келиш эҳтимоли юқори. Хасталик асосан 5-40 ёшли одамларда кўп кузатилади. 40 ёшдан кейин унинг юзага келиши эҳтимол паст, лекин бутунлай учрамайди, дегани эмас. Ўткир аппендицитнинг энг асосий белгиси қорин бўшлиғидаги кучли оғриқлар бўлиб, у асосан кечаси ёки эрталаб пайдо бўлади. Катарал босқичда оғриқ биринчи марта бутун қорин бўшлиғига тарқалади ёки унинг юқори қисмида кузатилади. Бироқ кейинчалик киндикдан пастга ва белдан бироз юқорига силжийди. Вақт ўтиши билан оғриқ табиати ҳам ўзгариб, кулганда ёки йўталганда ва чуқур нафас олганда кучаяди. Қолаверса, ич қотиш ёки ич кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш аппендицитнинг асосий белгилари ҳисобланади. Ўткир аппендицит катталарга қараганда болаларда кучли ва тез кечади. Яъни, 6-12 соат ўтмасиданоқ, аппендицит девори чириб, ёрилиши ва қорин бўшлиғига йиринг тарқалиб кетиши мумкин. Шу боис агар юқоридаги белгилар кузатилса, шифокорга мурожаат қилиш лозим. Аппендицит одатда жарроҳлик йўли билан даволанади. Баъзида уни олиб ташламасдан, консерватив муолажа қилиш мумкин ва бу ҳолатда беморга антибиотиклар буюрилади. 

  • 28 Апрель, 17:51
  • Батафсил
not found

Хусусий клиникалардаги кўнгилсиз ҳолатлар юзасидан соғлиқни сақлаш вазирига депутатлик сўрови юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси, депутат Гулнора Абдувоҳидова сўнгги вақтларда хусусий клиникаларда ўлим билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилаётганлиги боис Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Ҳудаяровга депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.  Маълум бўлишича, депутат ўз сўровида, хусусий шифохоналарда тиббиёт ходимларининг ўз вазифаларини лозим даражада бажарилмаслиги ёки нотўғри ташхис ва муолажа сабабли беморлар ўлими йилдан йилга ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтган (2023 йилда – 67 нафар, 2024 йилда – 94 нафар, 2025 йилнинг биринчи чорагида – 16 нафар). Шунингдек, депутатлик сўровида Соғлиқни сақлаш вазирлигига "Хусусий тиббиёт муассасаларида ушбу нохуш ҳолатлар кўпайишининг асл сабаблари нимада ва уларнинг олдини олиш бўйича вазирлик томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?", "Хусусий клиникаларда рўй берган ҳар бир инсон ўлими, ногиронлик ёки соғлиққа жиддий зарар етказиш ҳолати вазирлик томонидан таҳлил қилинганми ва уларнинг такрорланмаслиги учун қандай амалий ишлар қилинган?", "Хусусий тиббиёт муассасаларида муолажаларнинг тўғри қўлланилиши ва тасдиқланган тиббий протоколларга амал қилиниши устидан тизимли назорат механизми мавжудми?",  "Бу борада қандай аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?", "Вазирлик аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида хусусий клиникалар учун лисензия талаблари ва шартларини қатъийлаштириш бўйича қандай таклиф ва ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда?" - каби саволлар берилган. Депутат Абдувоҳидова «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунининг 15-моддасига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазиридан юқоридаги саволларга 10 кун муддат ичида асослантирилган жавоб беришни сўраган.

  • 28 Апрель, 14:51
  • Батафсил
not found

Юртимизда “Соғломлаштириш ойлиги” бўлиб ўтмоқда

“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остидаги ушбу акция доирасида барча ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик реестрига киритилган аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш ва беморларни яшаш ҳудудининг ўзида бепул соғломлаштириш кўзда тутилган. Дастлаб асосан поликлиникаларда бепул тиббий кўрик ва скрининглар ташкил этилади. Ўзгалар парваришига муҳтож, кексалар, ётиб қолган ногиронлиги бор беморлар махсус мобил бригадалар томонидан уй шароитида текширувдан ўтказилади. Тиббий кўрик натижасида аниқланган беморлар хавф омиллари, касаллик гуруҳлари (масалан, юрак-қон томир, эндокрин, руҳий, кўз касалликлари ва ҳоказо) бўйича тоифаларга ажратилади. Шундан сўнг хасталик ташхиси тасдиқланган юртдошларимиз учун индивидуал соғломлаштириш режаси тузилади. Амбулатор, уй шифохонаси ва кундузги стационарда саломатлигини тиклайдиган аҳоли вакилларига оилавий шифокорлик пункти ва поликлиникаларда мавжуд дори воситалари вилоят мутахассисларининг тавсиясига кўра оилавий шифокор кўрсатмаси асосида бепул берилади. Туман марказий шифохонасида даволаниши режалаштирилган беморларга оилавий шифокор йўлланмаси, вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида муолажа олиши тавсия этилганларга эса имтиёзли йўлланмалар расмийлаштирилади. Эҳтиёжманд беморларга тезкор ва манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилган мазкур ойлик шу йилнинг 25 май кунига қадар давом этади.

  • 28 Апрель, 12:53
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech