Янгиликлар

not found

Саратон, инфаркт ва суяк синишлари диагностикасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилади

Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабр куни соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва космос соҳаларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Давлатимиз раҳбарининг октябрь ойида қабул қилинган “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан юртимизда бу борада зарур инфратузилма барпо этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилди. Жумладан, 2030 йилгача стратегия тасдиқланиб, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида тегишли марказ очилди. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш учун зарур ҳисоблаш инфратузилмаси барпо қилинмоқда. Жумладан, АҚШнинг “Nvidia” компанияси билан ҳамкорликда супер компьютер кластерини ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида сунъий интеллект бўйича 5 та лойиҳа жорий қилинмоқда. Хусусан, инсульт, кўкрак саратонини сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш орқали диагностика вақти 80 фоизга тежалиб, ҳаёт учун хавфли ҳолатлар барвақт аниқланмоқда. Президентимиз бу етарли эмаслиги, сунъий интеллект ёрдамидаги диагностикани ишлатиш мумкин бўлган касалликлар турини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Шу муносабат билан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жигар, ўпка ва простата бези саратони, инфаркт ва мураккаб суяк синишларини диагностика қилишда тиббий суратларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.

  • 2 Декабрь, 11:00
  • Батафсил
not found

10 ойда 2 тн 761 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган

Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Наркотик ва ўқотар қуролларни назорат қилиш Агентлиги, ССВ, ДХХ, Божхона қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мутасаддилари иштирокида ""Гиёҳвандликка қарши кураш: республикадаги вазият, кўрилаётган чоралар ва янги стратегиялар" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қайд этилишича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси 67 фоизга ошган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 80 бараварга кескин кўпайган. 2024 йилда ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 5 та яширин нарколабораториялар фаолиятига чек қўйилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 12 тани ташкил этган. Жорий йилнинг 10 ойида республикада 12 848 та наркожиноят аниқланиб, 2 тн 761 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган ҳамда истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинган. Мазкур таҳдидларни бартараф этиш ҳамда “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” ижросини таъминлаш мақсадида гиёҳвандликни олдини олиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Матбуот анжуманида режада белгиланган муҳим йўналишлар юзасидан давлат идоралари ва масъул ташкилотларнинг вазифалари баён этилди. Ушбу режа хавф гуруҳидаги ўсмирларни барвақт аниқлаш чораларини кучайтириш, таълим муассасалари ва оилаларда профилактикани мустаҳкамлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини такомиллаштириш, гиёҳванд моддалар тарқатишнинг янги усуллари ва схемаларини, шунингдек гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга йўналтирилган.  Унда барқарор профилактика медиамуҳитини яратиш, таҳдидларни аниқлаш бўйича рақамли технологияларни ривожлантириш, маҳалла, ННТ ва фуқаролик жамиятининг иштирокини кенгайтириш, шунингдек уюшган гуруҳлар ва гиёҳвандлик бизнесининг “қуйи бўғини” фаолиятини қатъий ва мақсадли тарзда чеклаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

  • 1 Декабрь, 15:48
  • Батафсил
not found

Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланди

Ўзбекистонда электрон сигареталарни ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Жорий йил 27 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган. Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан электрон сигареталарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ўтказиш, ишлаб чиқариш, Ўзбекистонга олиб кириш ёки ундан олиб чиқиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача (123,6 миллион сўмдан 206 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бунда ушбу ҳаракатларни содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади. Бундан ташқари, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг айланишига доир тақиқ белгиланди. Аввалроқ электрон сигареталар юрак-қон томир тизимига зарар етказиши ҳақида маълумот бергандик. 

  • 1 Декабрь, 13:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech