Янгиликлар

not found

СМА билан касалланган болаларга уйда даволаниш учун жиҳозлар берилади

Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги тартиб жорий этилди. Ҳукуматнинг 2026 йил 17 апрелдаги 184-сонли қарори билан ушбу тоифадаги бемор болаларни уй шароитида даволаш учун зарур тиббий жиҳозлар, протез-ортопедия воситалари ва реабилитация техникалари билан таъминлаш тартиби тасдиқланди. Янги низомга кўра, боланинг ота-онаси ёки қонуний вакили яшаш жойидаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига уйда даволаш бўйича ариза билан мурожаат қилади. Аризага якуний ташхис қўйилган тиббий хулоса ҳамда шифокорлар томонидан тавсия этилган зарур жиҳозлар рўйхати илова қилиниши шарт. Мурожаатлар ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан 10 кун ичида кўриб чиқилади. Шунингдек, ҳудудий ишчи гуруҳ ҳар йили 1 июнгача кейинги йил учун зарур жиҳозлар бўйича эҳтиёжни республика даражасига электрон шаклда тақдим этади. Республика ишчи гуруҳи мазкур маълумотларни умумлаштириб, 15 июнга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этади. Вазирлик эса қонунчиликка мувофиқ тарзда тиббий жиҳозларни харид қилиш чораларини кўради. Жиҳозлар ҳар йили 1 июлга қадар ҳудудларга тақсимланиб, етказиб берувчи ташкилотдан қабул қилингандан сўнг 10 кун ичида ота-оналарга шартнома асосида топширилади.

  • 23 Апрель, 09:00
  • Батафсил
not found

Тадқиқот: қайси ёшда семириш жуда хавфли

Йирик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, семиришнинг энг хавфли даври — бу эрта ёш, яъни 17–29 ёш оралиғидир. Айнан шу даврда ортиқча вазн тўпланиши келажакдаги саломатликка энг катта салбий таъсир кўрсатади. eClinicalMedicine журналида эълон қилинган тадқиқот муаллифлари 620 минг нафар аҳоли (258 269 эркак ва 361 784 аёл) вазнини 17 ёшдан 60 ёшгача бўлган даврда камида уч марта ўлчаган. Таъкидланишича, эркакларда вазн одатда ёшликда тезроқ ошади, аёлларда эса бутун ҳаёт давомида босқичма-босқич кўпайиб боради. Ёшликда вазн ортиши ҳам мушак, ҳам ёғ массаси ҳисобига бўлса, кейинги ёшларда асосан ёғ тўпланиши кузатилади. Тадқиқот шуни кўрсатдики, агар семириш ёшликда бошланса ва вазн тез ошса, эрта ўлим хавфи тахминан 70% гача ортади. Энг кучли боғлиқлик сабаблари орасида 2-тоифа қандли диабет, гипертония, жигар саратони (эркакларда) ва бачадон саратони ҳолатларида қайд этилган. Барча сабаблар бўйича эрта ўлим хавфи семириш 30–44 ёш оралиғида аниқланганларда 57% га юқори бўлган. 45–60 ёшда тана масса индекси 30 дан ошган шахсларда эса бу кўрсаткич 29% ни ташкил этган. 17–29 ёш оралиғида семириш ташхиси қўйилган эркакларда 2-тоифа қандли диабетдан вафот этиш эҳтимоли семирмаган эркакларга нисбатан тахминан 2,1 баробар юқори бўлган. Эрта ёшда, яъни 29 ёшгача ортиқча вазн тўплаган аёлларда эса ушбу касалликдан ўлим хавфи 2,2 баробар юқори экани аниқланган. Шунингдек, инсон қанчалик тез вазн тўпласа, хавф шунчалик ортиши қайд этилган. Юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам кучли боғлиқлик кузатилган: ёш эркакларда семириш бўлса юрак-қон томир касалликларидан вафот этиш хавфи ортиқча вазн тўпламаганларга нисбатан 2 баробар юқори бўлган. Аёлларда эса бу хавф бироз юқорироқ — тахминан 2,2 баробарни ташкил этган. Шунингдек, вазн ортиши турли онкологик касалликлар билан ҳам боғлиқ бўлиб, аёлларда бу хавф барча ёшларда сақланиб қолади. Кечроқ ёшда ҳам семириш хавфсиз эмас: 30–44 ёшда аниқланган семириш эрта ўлим хавфини 57% га, 45–60 ёшда эса 29% га оширади. Айниқса аёлларда менопаузадан кейин ёғ тўқимаси гормонлар манбаига айланиб, саратон ривожланишига таъсир қилиши мумкин.

  • 22 Апрель, 09:10
  • Батафсил
not found

Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан тақдимот билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан тақдимот билан танишди. Бу мамлакатимизда ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган. Бугунги кунда юртимиз аҳолиси 38 миллион нафарни ташкил этаётган бўлса, шундан 9,5 миллиони ёки қарийб 25 фоизи 14-30 ёшдаги йигит-қизлардир. Ҳар йили 270 мингта ёш оила шаклланмоқда. Ана шу демографик омил ёшлар сиёсатига узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб этмоқда. Стратегияда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижий тилларни оммалаштириш ва касбий таълимни кенгайтириш, меҳнат бозорини рағбатлантириш ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, маданий, жисмоний ва маърифий ривожланишни кучайтириш, волонтёрлик ҳаракатини кенг ёйиш, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, очиқлик ва иштирок механизмларини кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгиланган. Тақдимотда 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган асосий мақсадли кўрсаткичлар кўриб чиқилди. Хусусан, ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 2030 йилга қадар 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш, ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш, ёшлар жиноятчилигини камайтириш, ҳар йили камида 10 мингта ёш оилани ипотека орқали қўллаб-қувватлаш каби вазифалар назарда тутилган. Таълим соҳасида ёшларнинг сифатли билим олиши, нодавлат таълим хизматларини қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда ўқув марказлари имкониятларини кенгайтириш, хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантириш бўйича янги имтиёзлар назарда тутилган. Жумладан, олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказларини ташкил этишга 300 миллион сўмгача ссуда ажратиш, улар учун ижтимоий солиқни ва ўқитувчиларининг даромад солиғини 1 фоиз этиб белгилаш таклиф этилди. Шунингдек, B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш учун божни, C1 даража ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловларини 50 фоизгача камайтириш таклиф қилинмоқда. Стратегияда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ипотека дастури орқали кредитнинг Марказий банк ставкаси юқори қисми қоплаб берилиши, шу тариқа уй-жой масаласида ёш оилаларга қўшимча енгиллик яратилиши белгиланмоқда. Ижтимоий фаолликни ошириш мақсадида волонтёрлик жамғармасидан 100 миллион сўмгача грантлар ажратиш, фаол ёшларни давлат ташкилотларида пуллик амалиётга жалб қилиш, илғор ижодкорлар учун Президент мукофотини жорий этиш, шунингдек, китоб ва Book-кафелар жойлашган “Ёшлар кўчалари”ни ташкил қилиш режалаштирилган. Ёшлар инфратузилмасининг минимал стандартлари белгиланади, ҳар бир ҳудуддан “ёшлар туман-шаҳарлари” танлаб олиниб, ушбу стандартларни жорий этиш бўйича намуна яратилади. Ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, руҳий хавф омилларини қисқартириш, психологик кўмак тизимини кучайтириш масалалари ҳам стратегияда ўз аксини топган. Хусусан, руҳий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар улушини 40 фоизга камайтириш, туну кун ишлайдиган психологик алоқа марказини ташкил этиш, спорт билан шуғулланувчи ёшлар улушини 25 фоизга ошириш назарда тутилмоқда. Ёшлар сиёсатида очиқ мулоқот ва объектив таҳлил тизимини кучайтириш мақсадида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан ёшларнинг эҳтиёжлари ва кутилмалари юзасидан ижтимоий сўровлар ўтказилиб, Миллий ёшлар индекси тузилади. Йигит-қизларнинг мурожаатлари билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Ҳар пайшанба ёшлар билан мулоқотлар ўтказиб борилади. Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Шу мақсадда халқаро форумлар, глобал ташаббуслар, авлодлар мулоқоти, Халқаро ёшлар конгресси каби форматлар йўлга қўйилиши, 12 август – Халқаро ёшлар куни доирасида йирик тадбирлар ўтказилиши, 100 минг нафар ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро дастурларда иштирокини таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, БМТ, Жаҳон банки, ЕТТБ каби тузилмалар билан “Junior Professional Officer” дастури доирасида халқаро ташкилотларда амалиётни ташкил этиш кўзда тутилган. Стратегияни 2026-2027 йилларда амалга ошириш доирасида 7 та йўналиш бўйича 56 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, “Янги авлод тадбиркорлари” дастурида Гарвард, Стэнфорд, MIT, Лондон бизнес мактаби каби нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорликда 20 минг ёшни ўқитиш, 1 мингта бизнес лойиҳасини саралаб олиш ва уларга 3 йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача ссуда бериш режалаштирилган. Ёш тадбиркорларга муҳандислик тармоқларига уланиш харажатларини қисман қоплаш тартиби ҳам жорий этилади. Республика бўйича “Ўзбекистон ёшларни севади!” лойиҳаси, “Ҳаёт фест” ёшлар фестивали, “Talaba Fest” ва “Talaba Expo 2026” каби тадбирлар ўтказилади, Робототехника ассоциациясининг фаолияти қўллаб-қувватланади. Давлатимиз раҳбари ёшлар масаласига доир барча ташаббус ва чоралар, энг аввало, ёш авлоднинг билимли, соғлом, ташаббускор ва ватанпарвар бўлиб камол топишига, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади. Стратегияни самарали амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

  • 21 Апрель, 08:58
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech