14:59 (27.06.2023)

2328

Акциядорларнинг навбатдаги йиллик йиғилиши бўлиб ўтди

 "Dori-Darmon" акциядорлик компанияси Кузатув кенгашининг 2023 йил 2 июндаги қарорига асосан, Компания акциядорларининг навбатдаги йиллик умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда компания фаолиятига оид бир қатор :

  1. Саноқ комиссиясининг сони ва шахсий таркибини тасдиқлаш;
  2. "Dori-Darmon" АК Кузатув кенгашининг 2022 йил якунлари бўйича ҳисоботини тинглаш;
  3. "Dori-Darmon" АК фаолиятининг 2022 йил якунлари бўйича мустақил аудиторлик ташкилотининг хулосаларини тасдиқлаш тўғрисида;
  4. "Dori-Darmon" АК бошқарувининг 2022 йил якунлари бўйича йиллик ҳисоботини тақдиқлаш;
  5. "Dori-Darmon" АК корпаратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
  6. "Dori-Darmon" АК томонидан 2022 йилда олинган соф фойдани тақсимлаш;
  7. "Dori-Darmon" АКнинг 2023 йил учун бизнес-режасини тасдиқлаш;
  8. "Dori-Darmon" АК “Кузатув кенгаши тўғрисида”ги ва “Ижроия органи тўғрисида”ги низомларига ўзгартириш киритиш ҳамда янги таҳрирда тасдиқлаш тўғрисида;
  9. "Dori-Darmon" АК Бошқарув раиси ваколатини узайтириш тўғрисида;
  10. "Dori-Darmon" АК Бошқаруви томонидан кундалик хўжалик фаолияти жараёнида акциядорларнинг кейинги йиллик умумий йиғилишигача бўлган даврда иловага мувофиқ, мустақил равишда аффилланган шахслар билан битимни (битимларни) тузишни маъқуллаш;
  11. "Dori-Darmon" АКда 2023 йил молиявий хўжалик фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш ва унинг хизматига тўланадиган ҳақ миқдори чегарасини белгилаш;
  12. "Dori-Darmon" АКга “Sirdaryo Dori-Darmon” МЧЖни қўшиб олиш шартномасини ҳамда топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисида;
  13. "Dori-Darmon" АК устави янги таҳририни тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда компаниянинг Бошқарув раиси У.С. Салихбаева ва Молия бўйича директор в.в.б И.Абдусаломов акциядорларга компаниянинг 2022 йил молиявий хўжалик фаолияти юзасидан ҳисобот берди.  

Ҳисобот йилида компаниянинг умумий товар айланмаси 218,7 млрд.сўмни ташкил этиб, бизнес режага нисбатан 62,0 фоизга бажарилди. Шундан улгуржи товар айланмаси 196,2 млрд.сўмни режага нисбатан 67,0 фоизни, чакана товар айланмаси 22,5 млрд.сўмни, соф фойда 8,05 млрд.сўм, шунингдек, самарадорлик даражаси режага нисбатан 2,3 фоиздан 3,7 фоизга ошган.

Компания 70 дан ортиқ маҳаллий ва чет эллик етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.  2022 йилда хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, дистрибьюторлардан 45,9 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари харид қилинган. 

 Хусусийлаштириш масаласи тўғрисида:

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда компания ўз фаолиятининг энг муҳим палласида турибди. Жумладан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 446-сонли қарорига мувофиқ, компания устав капиталидаги жойлаштирилмаган 35,0 фоиз ва давлатга тегишли 16,1 фоиз акциялар пакети яхлит ҳолда 51 фоиз миқдорида битта лот сифатида хусусийлаштирилиши белгиланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, компания номидан жойлаштирилмаган акциялар пакетини сотиш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига ишончномалар берилди (22.09.2022 йил 11-13/1038-сон ва 30.12.2022 йил 11-13/1438).

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Портфолио Инвестментс ва Гемстоне Кепитал” консорциуми (профессионал консультант) ҳамда халқаро нуфузга эга “Прайсвотерхаузкуперс (PWC)” профессионал баҳоловчи компаниялари жалб этилган бўлиб, ушбу акцияларнинг бозор қийматини ҳамда уларни сотиб олишга қизиқиш билдирган потенциал инвесторларни аниқлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Хозирги кунда консультант тавсиясига асосан 3 нафар талабгорлар савдо жараёнларининг навбатдаги Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш босқичига ўтказилди. 

Фармацевтика соҳасига зарур амалиётлар (GxP) талабларини жорий этиш тўғрисида:

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентябрдаги 788-сон қарорида маҳаллий фармацевтикага GxP зарур амалиётлар талабларини жорий этиш назарда тутилган.

GxP дори воситалари сифатини назорат қилиш тизими – бу дори маҳсулотларининг фармацевтик ишлаб чиқишдан пировард истеъмолчигача бўлган дори воситалари “Ҳаётий цикли”нинг барча босқичларини қамраб оладиган бутун жаҳонда тан олинган модель.

2023 йил 1 январдан фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харид танловларида фақатгина “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GxP)” стандартлари асосида ишлаб чиқаришни ташкил этган ташкилотлар ҳамда “Зарур дистрибюторлик амалиёти (GxP)” стандартларини жорий этган улгуржи савдо ташкилотлари қатнашишига рухсат берилади.

Маълумот учун: “Дори-Дармон” АК 2022 йил 7 июль куни “Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP)” сертификатини олди.

Бу компаниянинг давлат харид танловларида иштирок этишини, шунингдек, дистрибюторликнинг барча босқичларидаги фаолияти ишончли, самарали эканлигини кафолатлайди. 

 Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тўғрисида:

Вазирлар Маҳкамасининг “Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 20 майдаги 322-сонли қарорига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалашни амалга ошириш белгилаб қўйилган.

Ушбу қарор юзасидан компания тегишлилиги бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширилиши режалаштирилган ва бугунги кунда бу бўйича қатор ишлар олиб борилди.

—М-Аптека плюс” ЭРП тизимини дори воситаларининг маркировка лойиҳасига интеграция қилиш чора-тадбирларини кўрилди.

—Дорихона ва дорихона шаҳобчаларига 2Д сканер қурилмалари сотиб олиниб, ўрнатилди. 

Компания турли рейтингларда иштирок этгани тўғрисида:

Компания турли рейтингларда ҳам иштирок этиб, ўзининг молиявий, бизнес қобилиятини баҳолаб боради. Хусусан, “СНС Рейтингс” рейтинг агентлиги “Дори-Дармон” АКга 2022 йил якунларига кўра  миллий шкала бўйича (уз) “АА” даражада "Барқарор" прогнози билан қимматли қоғозлар эмитенти корхонасининг рейтингини берди.

Белгиланган рейтинг кредитга лаёқатлилик ва ишончлиликнинг энг юқори даражасини кўрсатади, бу даражадан паст рейтингга эга бўлган ташкилотларга нисбатан кредит хавфининг энг паст даражасини акс эттиради.  Бу рейтинг кредиторлар, депозиторлар ва инвесторлар олдидаги молиявий мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш учун “энг юқори” қобилиятга эга бўлган муассасаларга берилади.

 “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматнинг ривожланиш ҳолатини рейтинг баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 15 июндаги 373-сон қарорига мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида рақамли ривожланиш даражасини рейтингли баҳолаш амалга оширилади.

2022 йил III чорак якунлари рейтингли баҳолаш натижалари бўйича компания яшил рўйхатга кирди. 2022 йил 9 ойлик якунлари бўйича “Дори-Дармон” АК 40 та хўжалик бирлашмалари ичида 100 баллик тизимида 24 чи ўринни эгаллади. 

Давлат буюртмасини бажариш тўғрисида:

“Дори-Дармон” АК Давлат буюртмасини мунтазам равишда масъулият билан бажариб келаётган ташкилотлардан бири саналади. Хусусан, ҳисобот даврида Давлат буюртмаси асосида хорижлик ҳамкорлар билан шартномалар имзолаган ҳолда 2 347 000  доза гриппга қарши вакциналар олиб келинди.

Бу вакциналар болалар, ўқитувчилар ҳамда шифокорлар бепул эмланиши учун Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига етказиб берилди. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида дорихоналар орқали чакана реализация қилинди.

Бундан ташқари, 2022 йилда 955 145 флакон инсулин кирим  қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги  204-сон қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 14 тоифаси рўйхати тасдиқланган. Уларни дори воситалари ва тиббий буюмлари билан таъминлаш учун сарфланадиган харажатлар давлат томонидан қопланиши белгиланган. Ушбу тоифага кирувчи беморларга компанияга қарашли 30 та дорихона ва 22 та дорихона шохобчалари орқали 2022 йилда 26297 та рецепт орқали 1,57 млрд. сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.

Бундан ташқари,  “Дори-Дармон” АК томонидан 2022 йил давомида:

соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига – 84,95 млрд. сўмлик; 

бошқа даволаш профилактика муассасаларига – 2,93 млрд.сўмлик;

хусусий секторга – 1,48 млрд.сўмлик,

ҳарбий даволаш муассасаларига – 10,71 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказилди. 

Акциядорлар йиғилишида шунингдек, яширин овоз бериш йўли билан  “Dori-Darmon” АК Бошқарув раиси У.С.Салихбаева билан тузилган меҳнат шартномаси узайтирилди.

Шунингдек, йиғилишда акциядорлар томонидан "Dori-Darmon" АКга “Sirdaryo Dori-Darmon” МЧЖни қўшиб олиш масаласи кўриб чиқилди. Акциядорларнинг навбатдаги йиллик умумий йиғилишининг 2022 йил  29 июндаги 1-сонли ҳамда Бошқарувнинг 2022 йил 18 октябрдаги 63-сонли баёнларига мувофиқ, корхонанинг молиявий ҳолатига ёмонлашганлиги сабабли корхонани Компанияга қўшиб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва қўшиб олиш  бўйича чора-тадбир белгиланган.

“Sirdaryo Dori-Darmon” МЧЖни 2023 йил 20 июнь ҳолатида “Dori-Darmon» АКдан жами 50,2 млрд. сўм кредиторлик қарзи мавжуд. “Sirdaryo Dori-Darmon” МЧЖни қўшиб олишда жами 33,74 млрд.сўмлик активлар ва корхонанинг йиллар давомида йиғилиб келинган  16,89 млрд.сўмлик зарари Компанияга қабул қилинади.

Амалдаги солиқ қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга асосан Компания қўшиб олиш операциясини амалга ошириш натижасида фойда солиғи тўланмайди.

Йиғилишда акциядорлар кун тартибига қўйилган барча масалалар бўйича яширин овоз беришди, якуний хулосалар компаниянинг веб-сайтида эълон қилинади.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech