12:48 (12.05.2023)
2603
12 майи — Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган асосий байрам тадбири пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтди.
Маросим аввалида айни пайтда Америка Қўшма Штатларида хизмат сафарида бўлиб турган Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг иштирокчиларга йўллаган байрам видеотабриги намойиш этилди.
“Бугун соҳадаги барча янгиланишлар халқимизни рози қилишга қаратилган. Тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. “Инсон қадри учун” деган тамойил фаолиятимизда бош мезонга айланган. Ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда Сиз, ҳамшираларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор, албатта”, — деди вазир ўз табригида.
Дарҳақиқат, фидойи ўрта тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш соҳасининг таянчи ва суянчига айланган, десак муболаға бўлмайди.
Тадбирда “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” кўрик-танлови ғолиблари ҳамда 15 та номинация бўйича “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловининг совриндорлари тантанали равишда тақдирланди.
Танловнинг Республика босқичида 1,2,3-ўринларни қўлга киритган ҳамширалар тиббиёт олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин бўлади.
Дастлаб, 15 та номинация бўйича “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин совриндорларига "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Йилнинг энг яхши фармацевтлари:
1-ўрин. Меҳрибан Кабулова. Қорақалпоғистон Республикаси;
2-ўрин. Шаҳло Рўзметова. Хоразм;
3-ўрин. Муборак Каримова. Наманган.
Шундан сўнг “Ҳамшира — 2023” танловининг республика босқичи ғолиблари эълон қилинди.
1-ўрин. Караева Муштарийбону Маъруфжон қизи — Олмазор туман тиббиёт бирлашмаси марказий кўп тармоқли поликлиника пульмонолог-ҳамшираси;
2-ўрин. Болтаева Фаёза Фахриддин қизи — Муборак туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлими навбатчи ҳамшираси;
3-ўрин. Мамасиддиқова Лобар Зиядилла қизи — Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-оилавий поликлиника филиали умумий амалиёт ҳамшираси.
Беллашувнинг ҳудудий босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 14 нафар соҳа ходимига “Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони топширилди.