10:19 (18.01.2023)
2299
Индонезияда 2022 йилдан бери 200 га яқин бола сироп истеъмол қилиши ортидан юзага келган ўткир буйрак шикастланиши туфайли вафот этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Расмийлар ўлимга парацетамол асосидаги сироп таркибида аниқланган икки хавфли таркибий қисм: этилен гликол ва диэтилен гликол сабаб бўлганини маълум қилди.
Индонезияда болаларнинг препарат қабул қилиши ортидан ўлгани сабабли йигирма бешта оила ҳозирда соғлиқни сақлаш ва молия вазирликлари, мамлакатнинг дори воситаларини тартибга солувчи органи ва камида саккизта фармацевтика компаниясини судга берган. Бу оилалардан бири суддан 3,4 миллиард рупия (224 570 доллар) миқдорида товон пули талаб қилмоқда.
Жакартадаги судда қатнашаётган 36 ёшли Солиҳанинг айтишича, унинг 3 ёшли қизига сиропни истеъмол қилганидан кейин ўткир буйрак шикастланиши ташхиси қўйилган ва бир неча кундан кейин вафот этган. Аёл ҳукуматнинг жавобгарликка тортилишини исташини билдирган.
«Агар қизим дорини истеъмол қилмаганида, балки ёнимда бўлармиди. Умид қиламанки, препарат учун жавобгар бўлган барча масъуллар сиропдан вафот этган ва ҳали ҳам касал бўлган болалар учун жавобгардир», — дейди у.
Молия вазирлиги ва даъво аризасида кўрсатилган бешта фармацевтика компанияси вакиллари ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортган. Reuters нашри яна учта компания билан боғлана олмаган.
Индонезия ҳукумати бир қатор йўтал сироплари истеъмолини тақиқлаб қўйган ва хавфли таркибий қисмлар борлиги айтилган бир қанча фармацевтика компанияларига қарши судга даъво аризаси берган.