09:12 (03.03.2023)

2701

Рақамли маркировка. Бу тизим нима учун керак?

Рақамли маркировкалаш — бу товар айланмасини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими. Рақамли белгилар қўлланилиши маҳсулот ҳақидаги барча маълумотларни олиш имкониятини беради. Жумладан, ишлаб чиқарувчининг номи, тайёрланган товар ёки сотиладиган жой, сана ва вақт, яроқлилик муддати, стандарт рақами каби маълумотлар махсус код остига жойлаштирилади. Маълумотлар давлат ахборот тизимида сақланади. Бу тизим Давлат даражасида товарларнинг рақамли маркировкаси “қора” бозорда товар айланмасини қисқартиради, солиқ ва божхона тўловлари тушумини оширади, назорат қилишни ташкил этиш учун сарфланадиган харажатларни камайтиради. Қолаверса, экспертлар фикрича, Ўзбекистон учун рақамли маркировкалаш тизими ўта зарур ва уни ўз вақтида жорий этишга киришилган.

 КЎҲНА ТАРИХ ВА ЗАМОНАВИЙ QR-КОД

Мутахассисларнинг таъкидлашича, эрамиздан аввалги даврда ҳам товарларни маркировкалаш бўйича дастлабки саъй-ҳаракатлар бўлган. Хусусан, археологик қазишмалар туфайли топилган хумларда маҳсулот номи, узум нави, қайси жойда ва қачон тайёрлангани ҳақида қайдлар бўлган.

1901 йил 11 декабрда муҳандис Гульельмо Маркони морзе алифбоси орқали бошқа қитъага биринчи сигнални жўнатишга муваффақ бўлади. Бу, ўз навбатида, америкалик аспирантларни сканерга жойлаштирилган ахборотни ўқувчи штрих-код яратишга илҳомлантирди. Ҳозирги пайтда бу борада икки ўлчамли радиосигналли кодлар, масалан, QR-код ва RFID қайдларидан кенг фойдаланилмоқда.

QR-код белгиси кейинги пайтда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб боряпти. Оқ фонда сирли қора катакчалар туширилган тасвирларни ҳамма жойда учратамиз. Уни маҳсулотлар, коммунал тўловлар ёрлиқларида, журнал ва газета саҳифаларида ҳам кўришимиз мумкин. Аслида бу белги кўп миқдордаги ахборотларни узатиш ёки ундан фойдаланишни соддалаштиришда қўл келмоқда. Шу боис, бутун дунёда электрон тўловларни амалга оширишда мазкур технология беминнат дастёрга айланган.

— Рақамли маркировкалаш тизими Европа Иттифоқи давлатлари, Бразилия, Аргентина, Канада, Филиппин, Россия ва Қозоғистонда фаол қўлланилмоқда, — дейди “CRPT Turon” МЧЖнинг операция жараёнлари бўйича директори Олег Кузмин. — Масалан, Франция Европанинг дори-дармонни маркировкалаган биринчи мамлакати саналади. Бу жараён жорий этилганидан бир йил ўтиб, давлат бюджетига даромадлар 1,7 миллиард доллар ошган, ўз навбатида, бу қўшни мамлакатларда ҳам дори-дармонни маркировка қилиш учун жиддий туртки берди. 

Россияда биринчилардан бўлиб мўйнали пальтолар маркировка қилинган. Бир қарашда уларни маркировкалашга ҳожат йўққа ўхшайди, бу турдаги кийим кўп харид қилинмайди ва қалбакилаштириш даражаси ҳам ниҳоятда паст, деб ўйлаш мумкин. Маркировкалаш жорий этилгач, мўйнали пальтоларнинг расмий савдоси 10 баробар ошди. Шунингдек, тамаки маҳсулотлари маркировка қилинганидан сўнг йўқ жойдан илгари маҳсулот ишлаб чиқариш ва солиқсиз сотиш билан шуғулланиб келган 18 та завод пайдо бўлди. Улар ўз фаолиятини қонунийлаштиришга мажбур бўлди.

Хитойда эса мажбурий маркировкалаш бўйича қатъий қоидалар йўқ: бу масала билан давлат эмас, балки ўз маҳсулотларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш истагидаги тадбиркорлик субъектларининг ўзи шуғулланади.

ДОРИ ВОСИТАЛАРИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда дори ва тиббий маҳсулотларни  рақамли маркировкалаш тизими 2025 йилгача босқичма-босқич жорий этилади. 2022 йилнинг 1 сентябридан биринчи гуруҳга мансуб иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори (орфан дори воситалари бундан мустасно) воситалари, 2022 йилнинг 1 ноябридан иккинчи гуруҳга мансуб бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори (агар иккиламчи (ташқи) ўрам мавжуд бўлмаса) ва доривор ангро маҳсулотлар (орфан дори воситалари бундан мустасно)ни маркировкалаш бошланган.  

2023 йилнинг 1 мартидан эътиборан орфан (кам учрайдиган касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун мўлжалланган дори воситалари) маркировкаси бошланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу турдаги дорилар кўпроқ қалбакилаштирилади ва уларнинг асллигини таъминлаш жуда муҳим. Шу сабабли бу тоифадаги воситалар алоҳида гуруҳга киритилган.

2025 йил 1 февралдан бошлаб,  тўртинчи гуруҳ — белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга киритилган тиббий буюмлар маркировкаланади. Бунда тиббий буюмлар рўйхати Давлат солиқ қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур маҳсулотларни рақамли маркировкалаш юзасидан ўтказилган тажриба лойиҳаси натижаларига асосан тасдиқланади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech