10:06 (26.06.2023)
2304
Жорий йилнинг 1 июлидан Тошкент шаҳрида Давлат тиббий суғурта тизими жорий этилади. Тиббий суғурта ўзи нима ва унинг аҳолига қандай фойдаси бор?
Давлат ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб, тиббиётнинг бирламчи бўғинида аҳолини 66 турдаги, 2022 йилда эса 120 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.
Давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда сурункали касалликлар бўйича “Д” назоратидаги беморлар электрон рецепт асосида дорихонадан бепул бериладиган 11 турдаги дори воситалари билан амбулатор даволаш “реимбурсация” тизими жорий этилди. Бунда, асосан, юқори қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, нафас йўллари сурункали касалликлари бўйича даволанишда фуқаролар узоққа бормасдан дориларини поликлиниканинг ўзида ёки унга яқин жойлашган дорихонадан олишмоқда.
Кафолатланган тиббий ёрдам нима дегани?
Буларнинг барчаси фуқароларимизнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат маблағлари ҳисобидан бепул олишга бўлган Конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш имконини бермоқда. Чунки, аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Бундай, вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олгани, яъни, барчага кафолатланган пакет доирасида, суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан бепул тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаши, айниқса, моддий шароити яхши бўлмаган фуқароларнинг соғлиғини сақлашга давлат ғамхўрлик қилишдан тўхтамаслигини англатади.
Бунинг учун, албатта мамлакатимизда барча чоралар кўрилмоқда. Масалан, соҳага ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада ошди. Биргина, 2022 йилнинг ўзида тиббиёт соҳасига бюджетдан 29 трлн сўм йўналтирилган бўлиб, бу маблағ 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўпдир. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди.
Мамлакатимизда инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлигига бўлган бундай эътибор натижасида шифо масканларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошиб, фуқаролар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишдан олдин Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Франция, Германия, Норвегия, Россия каби давлатларнинг тиббий соҳага оид тажрибаси атрофлича ўрганилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бугунги кунда кўплаб мамлакатларда махсус тиббий суғурталаш жамғармалари фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий мақсади — беморларга сифатли тиббий ва профилактик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурталаш тизимини молиялаштиришдир.
Тиббий суғурта ўзи нима?
Суғурта ўзи нима, суғуртадан аҳолига нима фойда, бу тиббиёт тизимига нима беради, каби саволлар туғилиши мумкин. Суғурта сўзи кўпчиликда мажбурий, фойдасиз нарса деган салбий фикрлар уйғотиши табиий. Негаки, кўп ҳолларда суғурта мажбурий бўлиб, одамлар тегишли миқдорда маблағ тўлаб, суғурта полислари сотиб олади. Аммо, бугун миллий соғлиқни сақлаш тизимига жорий этилган суғурта тизимида аҳоли пул тўламайди, суғурта доирасида ҳар бир фуқаронинг саломатлигини кафолатланган пакет асосида давлат бюджети маблағи ҳисобидан суғурта қилинади. Бу билан соҳага ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, касалликларни эрта аниқлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада оширишга эришилади.
Тиббиёт соҳасида суғурта тизимининг тўлиқ йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улуши ошишига, аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари вакилларини сифатли тиббий хизмат билан таъминланганлик даражасини оширишга, тиббий хизматлар бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан тўғри тўловлари даражасини камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг молиявий мустақиллигини яхшилаш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш, аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишга хусусий тиббиёт ташкилотларини жалб қилган ҳолда тиббий хизматлар бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш имкониятини яратади. Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада оширишга замин яратади.