16:48 (05.01.2023)
2570
Ижтимоий тармоқларда “Тошкент вилоятида (Ўртасаройда) ”Док-1 Макс“ дори воситасини истеъмол қилган 2 ёшли бола вафот етди”, деган мазмундаги хабарлар тарқалмоқда. Ушбу хабар юзасидан Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади:
Ҳозирги кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “ДОК-1 МAКС сиропи” истеъмоли натижасида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган. Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилди, 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда, уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда.
Шуни қайд этиш керакки, Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача “ДОК-1 МAКС” препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда ҳудудлардаги барча дорихоналарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилиб, “Quramax” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари йиғиштириб олинган.
Aҳоли орасида дори-дармонларни шифокор кўрсатмасисиз, палапартиш истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари бўйича шифокор ва патронаж ҳамширалари томонидан уйма-уй юриб, тушунтириш олиб борилмоқда. Бу жараёнда хонадонлардаги шахсий дори қутилари ҳам кўздан кечирилмоқда.