09:21 (28.07.2023)

1858

28 июль – Халқаро гепатитга қарши кураш куни!

Дунёда юқумли касалликларнинг тури кўп. Бироқ улар орасида вирусли гепатит энг хавфли хасталиклардан бири ҳисобланади.

1967 йил Нобель мукофоти лауреати, америкалик шифокор Самуэль Барух жигар касаллигини келтириб чиқарувчи гепатит B вирусини аниқлашга муваффақ бўлган.

Ушбу олимнинг туғилган куни шарафига 2011 йилдан буён ҳар йили дунёда 28 июль — Халқаро гепатитга қарши кураш куни сифатида кенг нишонланиб келинади.

Гепатит вирусли касаллик ҳисобланиб, беморда жигар ҳужайралари зарарланиши кузатилади. Қолаверса, унинг фаолияти бузилиши оқибатида организмда интоксикация — заҳарланиш юз беради.

Вирусли гепатитнинг асосан 6 та — A, B, C, D, E, G каби турлари мавжуд. Улар клиник кечиши ва оқибатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Юртимизда эса асосан касалликнинг A, B, C турлари кўп учрайди.

Мисол учун, гепатит А – энг кўп аниқланадиган, бироқ бошқа турларга нисбатан хавфсизроқ хасталик бўлиб, асосан беморларда ўткир кечади. Аммо сурункали тус олмайди ҳамда ўлим ва бошқа жиддий оқибатларга олиб келмаслиги билан фарқланади.

Бу хасталикнинг яна бир номи “ифлос қўллар касаллиги” деб ҳам аталади. Вирусни асосан кирланган сув, таом, яхши ювилмаган идиш ҳамда бемор билан мулоқотда бўлиш орқали юқтириш мумкин.

Гепатит В ушбу касаллик турлари орасида энг хавфлиси бўлиб, ҳар йили дунёда минглаб инсонлар мазкур вирус туфайли вафот этади. Бугунгача унинг қўзғатувчисига бевосита таъсир этувчи препарат топилгани йўқ.

Шунингдек, гепатитнинг С тури кўпинча жигар циррози ёки саратонга сабаб бўлувчи хавфли хасталик ҳисобланиб, уни шифокорлар “мулойим қотил” деб ҳам аташади. Сабаби касалликнинг ривожланиш даврида беморда ҳеч қандай салбий белгилар кузатилмайди.

Вирус асосан қон орқали, яъни эҳтиётсизлик сабаб стоматолог, маникюр ва бошқа амалиётларда қон теккан буюмдан ўзга бир инсонга юқиши мумкин. Қолаверса, тиш чўткаси ёки устара ҳам касалланиш учун сабаб бўлади.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 325 миллионга яқин одам гепатит В ва камида 200 миллион киши гепатит C вируси билан касалланмоқда.

Бутунжаҳон гепатит алянсининг 2021 йилги маълумотларига кўра, касалликнинг В ва C турлари туфайли ҳар йили жаҳонда 1,4 миллион одам вафот этади. Бу эса ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўпроқ кўрсаткичдир.

Бугун юртимизда ушбу хавфли хасталикни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги ПҚ-243-сон қарори бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилди.

Унга кўра, вирусли гепатитнинг В ва С турларини эрта аниқлаш мақсадида республикадаги 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда бепул скрининг ташкил этилган.

Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб юртимизда янги туғилган чақалоқларни гепатит В га қарши эмлаш тадбири Миллий эмлаш тақвимига киритилган.

Қолаверса, бугунги кунда Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдами сифатида касалликнинг С турига қарши “Даклотасвир” ва "Софосбувир" дори воситалари етказиб берилмоқда.

Мазкур инсонпарварлик ёрдами Президентимизнинг шу йил 20-21 февраль кунлари Мисрга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, дунёнинг 17 та мамлакати қатори Ўзбекистонда ҳам С вирусли гепатитга чалинган беморлар давлат ҳисобидан бепул даволаняпти.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech