Янгиликлар

not found

ЖССТ: март ойида 16 мамлакатда 25 424 вабо касаллиги қайд этилган

Жорий йилнинг март ойида 25 мингдан ортиқ одам вабо билан касалланган, бу феврал ойига нисбатан 33 фоизга камдир. Шунингдек, 169 киши касаллик туфайли вафот этган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабар бериб, ушбу рақамларни "эҳтиёткорлик билан" баҳолашга чақирди ва вабонинг бутун дунё бўйлаб тарқалиш хавфини "жуда юқори" деб баҳолади. Март ойида касалликнинг аксарият ҳолатлари Aфрика ва Шарқий Ўрта ер денгизида қайд этилган. ЖССТ январ ойида глобал вабо ҳолатларининг ўсишини "3-даражали фавқулодда ҳолат" деб таснифлади, бу энг юқори даражадаги оғирликдир. "Дунё бўйлаб эпидемиялар сони ва уларнинг географик тарқалишига асосланиб, вакциналар ва бошқа ресурсларнинг етишмаслигидан келиб чиққан ҳолда, ЖССТ яна глобал хавфни (март ойидаги ҳолатига) жуда юқори деб баҳолади", дейилади маслаҳатчи. Ташкилотнинг таъкидлашича, дунёда "оғиз орқали юбориладиган вабога қарши вакциналарнинг кескин танқислиги" давом этмоқда. 2023-йилнинг январидан 2024-йилнинг мартигача бундай вакциналар учун шошилинч сўровлар сони кескин ошди: 14 давлат 79 миллион доза сўраган, ҳолбуки, атиги 40 миллиони мавжуд эди. 15 апрель ҳолатига кўра, дунёда вабога қарши вакциналар заҳираси 2,3 миллион дозани ташкил қилган. ЖССТ га 2023-йил 1-январдан 2024-йил 31-мартгача 824 479 та вабо касаллиги ва 5 900 та ўлим ҳолати бўйича хабарлар келиб тушган. Бу вақт ичида касалликнинг авж олиши Европадан ташқари барча минтақаларда қайд этилган. 2022-йилда дунё бўйлаб 472 697 та, 2021 йилда эса 223 370 та касаллик ҳолати аниқланган.

  • 22 Апрель, 15:53
  • Батафсил
not found

Ҳар йили қайси шифокор кўригидан ўтиш ва қандай таҳлиллар топшириш керак?

Кўпгина касалликларнинг бошланиши аломатларсиз кечиши, оғриқ муаммо жиддийлашгандагина пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли ўз вақтида ўтказилган тиббий текширув ва таҳлиллар хасталикларни ҳали белгилари намоён бўлмасдан аввал аниқлашга ёрдам беради. Ҳар бир инсон ҳеч бўлмаганда йилда бир марта ўтиши керак бўлган 10 та текширув ва таҳлилларни келтириб ўтмоқчимиз. Оилавий шифокор текширувиОдатий қабул давомида бўй, вазн, артериал қон босими ўлчанади, қандай шикоятлар борлиги сўралади. Ушбу дастлабки текширув шифокорга фуқаро учун мутахассислар ва таҳлилларнинг индивидуал рўйхатини яратиш имконини беради. Яъни, шахснинг ҳолатига қараб, кейинги таҳлиллар учун керакли мутахассисларга юборади. Умумий қон таҳлилиБу таҳлил, биринчи навбатда, организмда яллиғланиш жараёнлари мавжудлигини текширишга ёрдам беради. Унинг натижаларига кўра, қон касалликлари ёки камқонлик, ички қон кетиш, юрак-қон томир, аутоиммун, саратон ва бошқа хасталиклар бор-йўқлигига ишораларни кўриш мумкин бўлади. Агар муаммо аниқланса, шифокор қўшимча таҳлилларни буюради. Қондаги қанд миқдорини аниқлашЙилда бир марта ҳамма учун бундай текширувдан ўтиш тавсия этилади. Аммо 45 ёшдан ошган ва ортиқча вазнга эга бўлганлар учун бу, айниқса, муҳимдир. Агар қанд миқдори юқори ёки паст бўлса, шифокор беморни эндокринолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари кўригига юборади. Қон биокимёвий таҳлилиУнинг натижаларига кўра, ички органлар — юрак, жигар, буйраклар, ошқозон ости бези ва бошқаларнинг нормал ишлаши аниқланади. “Биокимё” умумий қон таҳлилига қараганда кўпроқ маълумот бера олади. Унинг ёрдамида айнан қайси органда муаммо борлигини аниқлаш мумкин. Зарур ҳолларда қўшимча текширувлар, жумладан, ПЗР тестлари ва ультратовуш текшируви буюрилади. Умумий пешоб таҳлилиБаъзи касалликларни пешоб ранги, унинг шаффофлиги ва чўкинди мавжудлигидан билиш мумкин. Бундай текширув туфайли сийдик йўли тизими (шу жумладан буйраклар) ва бошқа касалликлар билан боғлиқ муаммоларни кўрсатадиган яллиғланиш жараёнлари аниқланади. Умумий пешоб таҳлили натижалари касалликларни аниқлашга ёрдам беради, бироқ у билан тўлиқ ташхис қўйиб бўлмайди. ЭлектрокардиограммаКардиограмма лентасидан 500 га яқин юрак касалликларини аниқлаш мумкин. Бундан ташқари, кардиограммадан нафақат бошдан кечирилган юрак хасталиклари, балки келажакда таҳдид солиши мумкин бўлган муаммоларни ҳам баҳолаш учун фойдаланиш мумкин. Масалан, юрак хуружи хавфи ҳақида ҳам билса бўлади. ФлюорографияАфсуски, сил касаллигининг дастлабки босқичларида ҳеч қандай аломат бўлмаслиги мумкин. Аммо бу хавфли касаллик эрта аниқланса, унинг ривожланишини тўхтатиш мумкин. Замонавий аппаратлар юқори сифатли тасвирларни тақдим этади, шунинг учун касаллик ҳақида ўз вақтида билиш ҳозир анча қулай. ГастроскопияБу ёқимсиз текширув ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак касалликлари — гастрит, ошқозон яраси ёки ўсма кабиларни кўриш имконини беради. 45 ёшдан ошганлар ва хавф остида бўлганлар (чекувчилар, спиртли ичимликлар, фастфуд ва қаҳвани севувчилар) бу текширувдан ҳар йили ўтганлари маъқул. Офтальмолог кўригиЯқин ва узоқни кўра олмаслик ҳамда астигматизм каби ҳолатларда, ҳатто, кўриш қобилияти ёмонлашмагандек туюлса ҳам, ҳар йили ушбу мутахассис текширувидан ўтиб туриш мақсадга мувофиқ. Ҳатто кўзлари яхши кўрадиганлар ҳам йилда бир марта офтальмолог кўригига борганлари маъқул. Бунда шифокор нафақат кўриш қобилиятини текширади, балки кўз туби ҳолати ва кўз ички босимини ҳам ўлчайди. Ушбу манипуляциялар сўқирликка олиб келувчи глаукома ва катаракта хавфини ўз вақтида аниқлашга имкон беради.  “Эркаклар” ва “аёллар” шифокорлари кўригиКўпчилик бундай текширувларни зарур эмас деб ҳисоблайди. Аммо аёллар учун гинеколог ва маммолог, эркаклар учун уролог ва проктолог кўригидан ўтиб туриш саратон ва бошқа кўплаб касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва муваффақиятли даволаш имконини беради. 

  • 22 Апрель, 12:40
  • Батафсил
not found

Олимлар: кейинги пандемияга грипп вируси сабаб бўлиши мумкин

Етакчи олимларнинг фикрига кўра, грипп яқин келажакда янги пандемияни келтириб чиқариши мумкин бўлган патоген ҳисобланади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди. Буни аниқлаш учун ўтказилган халқаро тадқиқотда 187 нафар олим иштирок этди. Касалликлар бўйича етакчи мутахассисларнинг 57 фоизи грипп ўлимга олиб келувчи юқумли касалликнинг навбатдаги глобал эпидемияси бўлиши мумкинлигини айтди. “Грипп ҳар қишда кузатилади. Унинг тарқалишини кичик пандемиялар деб аташ мумкин. Улар нисбатан назорат остида, сабаби бундай касалликларни келтириб чиқарадиган турли штаммлар у қадар вирулент (хавфли, юқумли) эмас. Аммо бу ҳар доим ҳам шундай эканини англатмайди”, — деди Кёльн университетидан Жон Салмантон-Гарсия. Респондентларнинг яна 21 фоизи “Вирус Х” (ҳали номаълум вирус) бутун дунё учун хавф туғдиришига, худди Sars-CoV-2 каби кутилмаганда пайдо бўлишига ишончи комил. Бундан ташқари, сўровда қатнашган олимларнинг 15 фоизи коронавирус яна пандемияни қўзғатиши мумкинлигини айтган. Lassa, Nipah, Эбола ва Зика вируслари каби бошқа ҳалокатли микроорганизмлар фақат озчилик экспертлар томонидан жиддий глобал таҳдидлар сифатида баҳоланган.

  • 22 Апрель, 09:50
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech