Янгиликлар

not found

Дори воситаларини уйда тўғри сақлаш қоидалари

 Биз одатда дорихоналарда сотиб олган барча дори воситаларини уйда, маълум бир жойда сақлашга ҳаракат қиламиз. Бироқ, дори сотиб олганда, биринчи навбатда, кўрсатмаларни ўқиб чиқинг ва шундан кейингина препаратни сақлаш жойини белгиланг. Йўриқноманинг “Сақлаш қоидалари” бўлимида ҳар доим ҳарорат, ёруғлик, намлик каби омиллари кўрсатилади.  Агар сиз дорини ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ сақлаган бўлсангиз, препаратни қадоғида кўрсатилган яроқлилик муддатигача ишлатишингиз мумкин бўлади. Aкс ҳолда, энг яхши ҳолатда, дори шунчаки ўз хусусиятларини йўқотади ва энг ёмони, кимёвий реакциялар натижасида токсик таркибий қисмлар ҳосил бўлади. Кўпгина дорилар ўртача 15 дан 22 даражагача бўлган хона ҳароратида сақлаш учун мўлжалланган. Баъзи дорилар + 25 ° C ва ҳатто + 30 ° C да сақланиши мумкин. Энг яхши вариант - қоронғи жой (дори қутисини шкафга жойлаштириш мумкин) ва иситиш мосламаларидан узоқда (музлатгичда, печ ва микротўлқинли печнинг ёнида сақламаслик керак). Дори воситалари  ёрқин қуёш нури ва унга ҳамроҳ бўлган иссиқлик таъсирида жуда тез бузилади. Aгар дори ёрлиғида "салқин, қоронғи жойда сақланг" ёки "қуруқ ва салқин жойда сақланг" деб ёзилган бўлса, бу уни + 15 ° C дан юқори бўлмаган ҳароратда, яъни музлатгичда сақлаш кераклигини англатади. + 5 ° C дан юқори бўлмаган ҳароратда сақланиши тавсия этилган препаратлар ҳам музлатгичга қўйилиши керак. Фақат жойлаштириш жойларидан тўғри фойдаланиш керак: - пастроқ ҳароратда сақланиши керак бўлган дорилар (масалан, шамлар) музлатгичга яқинроқ қаторга жойлаштирилиши керак. - совуқроқ муҳитда юмшоқ дозалаш шаклларини (мазлар, пластир, шамлар) сақлаш тавсия этилади. Қоида тариқасида, улар музлатгичнинг ўрта қаторида сақланиши мумкин. - оддийгина салқин жойда сақланиши керак бўлган дори-дармонларни энг паст қаторда - музлатгичдан узоқроқ жойда сақланг. Совутгичдаги дори-дармонлар намликдан ҳимояланган бўлиши керак, масалан, уларни қутига ёки пластик қопга солиб қўйинг. Ўта иссиқлик ҳам, ўта совуқлик ҳам дориларнинг сифатига салбий таъсир қилади.  Музлаб қолган дори-дармонларни ишлатмаслик керак (баъзи препаратларда "Музлатиб қўйманг!" Махсус огоҳлантириш мавжуд). Қоғоз қадоқдаги дорилар қуруқ жойда сақланиши керак, ҳаммомда, балконда, верандада сақламаслик керак - бу хоналарда намлик доимий равишда ўзгариб туради. Йод, калий перманганат(марганцовка), бриллиант кўки  (зелёнка), пероксид, спиртли эритмалар бошқа дорилардан алоҳида сақланиши керак, чунки улар ранг берувчи, ҳидли, учувчи таъсирга эга. Мисол учун, йод қопқоғи қанчалик қаттиқ ёпилмасин, бир мунча вақт ўтгач, яқин жойлашган препаратларда сариқ доғларни қолдиради. Дори-дармонларни фақат асл ўрамида сақлаш керак, чунки унда  яроқлилик муддати кўрсатилган, қабул қилиш қоидалари, дозалари ва заҳарланиш ёки дозани ошириб юбориш ҳолатларида ёрдам бериш чоралари кўрсатилган. Ёдда тутинг: дори воситаларини болалар қўли етмайдиган жойда сақланг!

  • 1 Июнь, 13:50
  • Батафсил
not found

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Ушбу кун 1925 йил Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида таъсис этилган бўлса, орадан 25 йил ўтиб, 1950 йилдан байрам сифатида нишонлаб келинади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1959 йил 20 ноябрда Бола ҳуқуқлари декларацияси ҳамда 1989 йил 20 ноябрда “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция қабул қилинди. Мазкур халқаро меъёрий ҳужжатлар жаҳон миқёсида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Уларни дунёнинг деярли барча мамлакатлари тан олган ва миллий қонунчилигига татбиқ этган. Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир. Билмоқ учун оламнинг сирин, Қалб кўзи-ла кўринг дунёни, Жондан азиз, беғубор ширин, Болаларга беринг дунёни.

  • 1 Июнь, 09:02
  • Батафсил
not found

Жорий йилнинг 1-чорак якунлари муҳокама қилинди

Бугун "Дори-Дармон" акциядорлик компаниясининг "ZOOM" платформаси орқали видеоконфренцалоқа шаклида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибида: - Компания тизимидаги акциядордик ва масъулияти чекланган жамиятларда 2023 йил 1-чораги якуни бўйича тасдиқланган бизнес режа кўрсаткичлари юзасидан  амалга оширилган ишлар; - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорида белгиланган топшириқлар юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан компаниянинг молия директори в.в.б. И.Абдусаломов жорий йилнинг биринчи чорагида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ахборот берди. Қайд этилганидек, 2023 йилнинг биринчи чораги давомида компания ва тизимдаги жамиятларнинг умумий  товар айланмаси 181,2 млрд.сўмни, шундан улгуржи товар айланмаси 127,5 млрд. сўмни,  чакана товар айланмаси 53,7 млрд.сўмни ташкил этди. Тизимдаги акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларнинг товар айланмаси бизнес режа кўрсаткичларига нисбатан  бажарилиши танқидий руҳда муҳокама қилинди. Иш ва савдо сифатини ошириш, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.  Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан компаниянинг тижорат директори Н.Ҳусанов ахборот берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26-октабрдаги  «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Fair Tech” ягона ахборот тизими ишга туширилганлиги қайд этилди. 2023 йил 1 майдан ишга тушган “Fair Tech” тизими орқали ортиқча ундирилган пул истеъмолчиларга қайтариб берилади. Яъни истеъмолчилар томонидан дорихоналарда харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюм харид чекларнинг QR-коди «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда белгиланган устамалардан ортиқча маблағ олинганлиги аниқланса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига ариза юборилади. Дорихонага нисбатан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима жазоси қўлланади, ортиқча ундирилган пул дорихонадан истеъмолчи фойдасига ундирилади. Шунингдек, мазкур қарор билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланиши белгиланган. Йиғилишда дори воситаларини референт нархини белгилашда  Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан  солиштириш кераклиги, референт нархини белгилаш амалиёти ҳақида ҳам фикр алмашилди.  2025 йил 1 январгача бўлган муддатда давлат рўйхатидан ўтказмасдан мажбурий сертификатлаштириш шарти билан тиббиёт амалиётида қўллаш ва киритишга рухсат берилган дори воситалари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Ҳайъат йиғилиши давомида компания тизимидаги жамиятларда  GDP — Зарур дистрибюторлик амалиёти сертификатини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар, омборхоналарни  GDP талабларига мослаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди, зарур маслаҳатлар, кўрсатмалар берилди. Бугунги кунда "Дори-Дармон" АК, «Фарғона Дори-Дармон», “Тошкент вилоят Дори-Дармон", "Самарқанд Дори-Дармон" акциядорлик жамиятлари, "Қорақалпоқ Дари-Дармак" масъулияти чекланган жамияти GDP сертификатини қўлга киритган. Яқин ойларда «Наманган Дори-Дармон»АЖ, «Навоий Дори-Дармон» АЖ, «Бухоро Дори-Дармон» МЧЖ, «Қашқадарё Дори-Дармон» МЧЖ ҳамда «Ўзбекистон Дори таъминоти» МЧЖ ҳам GDP сертификатини олиши кутилмоқда. Йиғилишда компания фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

  • 31 Май, 17:10
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech