16:29 (08.04.2024)

436

Ҳижома ростдан ҳам фойдалими, кимларга тавсия қилинмайди?

Ҳижома — махсус ускуналар ёрдамида вакуум орқали қон олдириш бўлиб, уни баъзан вакуумли массаж деб ҳам аташади.

Альтернатив ва анъанавий тиббиёт соҳасига тегишли мазкур жараён қадимдан мавжуд. Унга кўра, беморнинг териси скалпел ёки игна билан кесилади, сўнг шикастланган жой устига вакуумли массаж учун махсус идиш қўйилади. Юзага келган босим туфайли тери идишга сўрилади ва шикастланган қисмдан қон сизиб чиқади.

Ҳижома Ўрта Осиё, Хитой, Корея ва Шарқий Европа, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ давлатларида қўлланади.

Ҳижома нима учун қўлланади?

Ҳижоманинг бир нечта шифобахш хусусиятлари мавжуд, масалан, остеохондроз ва эпилепсиядан тортиб жигар, буйрак ва ўт пуфаги касалликлари учун самарали деб таъкидланади. Аммо ҳижоманинг фойдаси олимлар томонидан расман тасдиқланмаган.

Илмий далилларга келсак, ҳижома асосан оғриқ қолдирувчи восита сифатида исботланган. Масалан, ҳижома мушаклар, бўйин ва елкадаги оғриқлар, кучли бош оғриғи, невралгия, герпесда ҳам қўлланади.

Ҳижома зарар етказиши мумкинми?

Ҳижоманинг салбий таъсири уни қаерда ва қандай муҳитда ўтказишга боғлиқ. Бир марталик игна ва скалпелдан фойдаланиш, кесишдан аввал бемор терисини дезинфекция қилиш каби хавфсизлик қоидаларига риоя этиш лозим. Акс ҳолда ОИВ, гепатит B ва C каби қон орқали юқадиган касалликлар ва бошқа инфекцияларни юқтириб олиш хавфи бор.

Ҳижома кенг қўлланадиган Саудия Арабистони давлатида 25 000 тага яқин гепатит C касаллигига чалинган беморлар текширилган. Текширув натижаларига кўра, беморларнинг кўпгина қисми айнан ҳижома орқали гепатитни тасодифан юқтириб олган.

Ҳижоманинг қуйидаги ножўя таъсирлари мавжуд:

  • Ҳижома қилинган тери қисмида шиш, чандиқ, куйиш, турли яралар пайдо бўлиши;
  • Терига инфекция тушиши;
  • Қичишиш ва аллергик реакциялар содир бўлиши;
  • Тери остидаги ёғ қатламининг яллиғланиши;
  • Камқонлик;
  • Псориаз ва бошқа тери касалликлари;
  • Кебнер феномени (тери шикастланиши);
  • Онг ва тушуниш билан муаммолар, бош айланиши;
  • Кўнгил айниши, чарчоқ;
  • Ҳушдан кетиш;
  • Уйқу билан муаммолар.

Ҳижома тиббий жараёндир. Баъзи тиббий билим, кўникма ҳамда дипломга эга бўлмаган шахслар томонидан бажарилган ҳижома юқоридаги салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Ҳижома ман этиладиган ҳолатлар:

  • Очиқ жароҳат ва тери яралари;
  • Саратон касалликлари;
  • Бирор ички орган етишмаслиги;
  • Гемофилия ва бошқа қон касалликлари;
  • Юрагига кардиостимулятор ўрнатилган инсонлар;
  • Болалар ва қариялар;
  • Ҳомиладорлик;
  • Ҳайз даври;
  • Холестерин миқдори ошганда;
  • Юрак ва қон-томир касалликлари;
  • Ўткир юқумли касалликлар.

Шунингдек, чуқур тромбозда ва суяк синганда ҳам ҳижома қилиш мумкин эмас.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech