11:42 (27.04.2023)
2139
Пандемия Ер юзи бўйлаб иммунизация жараёнларини кескин сусайтириб юборди. Айниқса, қатъий карантин чекловлари, қолаверса, тиббиёт муассасаларининг ҳаддан зиёд босим билан ишлаши туфайли миллионлаб болалар юқумли касалликларга қарши ўз вақтида эмланмай қолиб кетди.
Масалан, 2021 йилда жаҳон бўйича 40 миллион ўзил-қиз қизамиқнинг олдини олишга қаратилган режали вакцинациядан четда қолган. 25 миллион бола биринчи дозада, 14,7 миллион нафари эса иккинчи дозада эмланмаган ва бу рекорд кўрсаткичдир.
Мана, орадан маълум вақт ўтиб, ушбу ҳолатларнинг салбий оқибатлари намоён бўлмоқда.
Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси рўйхатига кирувчи давлатлардан 17 тасида 2023 йил бошидан қизамиққа чалиниш кўрсаткичлари ўса бошлаган. Жумладан, февраль ойи сўнгига келиб, 900 та шундай ҳолат рўйхатга олинган ва бу 2022 йилдагига нисбатан сезиларли даражада юқори.
Ўтган йили қизамиққа чалинган энг кўп беморлар Тожикистон (610 нафар), Туркия (466 нафар) ва Россия (414 нафар)да қайд этилди. Австрия, Сербия, Буюк Британияда эса жорий йил бошидан касалланишлар сони кўпаймоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ЖССТ кўмагида апрель ойи охирида дунё бўйлаб жаҳон иммунизация ҳафталиги ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозир юртимизда ҳам бу тадбир кенг қамровда давом эттириляпти. Яъни жойларда олдини олиш мумкин бўлган 13 турдаги юқумли касалликка қарши иммунизация тадбирлари миллий эмлаш календарига мувофиқ амалга оширилмоқда.