Вазирлар Маҳкамасининг 13.07.2023 йилдаги “Иш ҳақини натура шаклида тўлашни тартибга солиш тўғрисида”ги 286-сон қарори қабул қилинди.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган ҳоллардан ташқари иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланган.
Ҳужжат билан иш ҳақини натура шаклида тўлаш тартиби ўрнатилди. Ушбу шаклда иш ҳақини тўлаш қуйидаги ҳолларда мумкин бўлади:
- ходим ёки унинг оиласи истеъмоли учун иш берувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;
- ўзига хизмат кўрсатилиши ва уй хўжалигини юритишда кўмаклашиш мақсадида уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан уй хизматчиларига озиқ-овқат ва вақтинча яшаш учун уй-жой билан таъминлаш шаклида ҳисоб-китоб қилиш.
Иш ҳақини ушбу шаклда тўлашга ходимнинг розилиги билан йўлга қўйилади ва бу ҳақда меҳнат шартномасида кўрсатилади, шу билан бирга натура шаклидаги тўлов миқдори ойлик иш ҳақининг 30%дан ошмаслиги керак.
Ходимнинг иш ҳақидан 50% гача миқдорда ушлаб қолинса — ходимга натура шаклида тўланадиган иш ҳақининг умумий суммаси 10%дан ортиқ бўлиши мумкин эмас, 50%дан ортиқ миқдорда ушлаб қолинса — ходимга иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади.
Иш ҳақини натура шаклида тўлашда қуйидагилар тақиқланади:
- ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлганда, иш ҳақини натура шаклида тўлаш;
- қишлоқ хўжалиги товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларнинг нархини уларнинг таннархидан юқори белгилаш;
- алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимлиги ҳамда қонунчиликда реализация қилиш (бериш) тақиқланган ўсимлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;
- уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқатлар нархини ва уй-жойдан вақтинча фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда белгилаш.