16:38 (24.01.2023)

117

ЖССТ мамлакатларни ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган дори воситалари устидан назоратни кучайтиришга чақирди

not found

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сифатсиз ва қалбакилаштирилган тиббий маҳсулотларнинг пайдо бўлиш ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чора кўриш бўйича дунё давлатларига мурожаат билан чиқди.

Мурожаатда таъкидланишича, охирги тўрт ой ичида 7 та давлат юқори концентрацияларда диэтиленгликоль (DEG) ва этиленгликоль (EG) билан тасдиқланган ёки шубҳали ифлосланиши бўлган болалар учун рецептсиз йўтал сиропларидан фойдаланишнинг бир неча ҳолатлари ҳақида хабар берган.

«Булар саноат эритувчилар ва антифризлар сифатида ишлатиладиган заҳарли кимёвий моддалар бўлиб, улар кичик миқдорда ҳам ўлимга олиб келиши мумкин ва ҳеч қачон дори-дармонлар таркибида бўлмаслиги керак», дейилади ЖССТ хабарида.

Ушбу мамлакатларнинг учтасида 300 дан ортиқ ўлим ҳолатлари содир бўлган, ҳалок бўлганларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалар бўлиб, улар сифатсиз дори воситаларини истеъмол қилган.

ЖССТ ушбу давлатларнинг ҳисоботларига таяниб, мазкур ҳолатлар бўйича учта глобал тиббий огоҳлантиришларни эълон қилган: 2022 йил 5-октабрда — Гамбияда йўталга қарши сиропларни ичишдан 69 нафар бола вафот этгани ҳақида, 2022 йил 6 ноябрда — Индонезияда 10 ой ичида беш ёшгача бўлган 133 бола йўталга қарши ва истима тушурувчи дориларни ичиши оқибатида буйракларининг ишдан чиқиши ҳамда 11 январда — Ўзбекистонда «Док-1 Макс» дориларини ичишдан 20 нафар бола вафот этгани ҳақида.

ЖССТ тартибга солувчи органлар ва ҳукуматларни огоҳликка чақиради:

  • ЖССТ огоҳлантиришларида ўлимнинг потенциал сабаби сифатида қайд этилган ҳар қандай сифатсиз тиббий маҳсулотларни аниқлаш ва савдодан олиб ташлаш;
  • бозорга сотиладиган барча тиббий буюмлар ваколатли органлар томонидан тасдиқлангани ва лицензияланган етказиб берувчилардан олинишини таъминлаш;
  • ишлаб чиқариш майдонларини халқаро меъёрлар ва стандартларга мувофиқ текширишни такомиллаштириш ва кўпайтириш учун ресурсларни ажратиш;
  • дори воситалари бозорлари, шу жумладан, норасмий бозорлар устидан назоратни кучайтириш, сотишга чиқарилган товарларнинг тиббий буюмларини синовдан ўтказиш;
  • сифатсиз ва контрафакт дори воситаларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва/ёки улардан фойдаланишга қарши курашишга қаратилган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий чора-тадбирларни қабул қилиш ва амалга ошириш.

ЖССТ дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга ҳам мурожаат қилган:

  • ёрдамчи фармацевтика воситаларини фақат малакали ва нуфузли етказиб берувчилардан сотиб олиш;
  • маҳсулотларни қабул қилиш ва ишлаб чиқаришда ишлатишдан олдин ҳар томонлама синовдан ўтказиш;
  • синов натижалари бўйича сертификатлаштириш орқали маҳсулот сифатини таъминлаш;
  • ҳодисаларни текшириш пайтида терговни осонлаштириш учун материалларни харид қилиш, синовдан ўтказиш, ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича аниқ ва тўлиқ ёзувларни сақлаш.

Бундан ташқари, ЖССТ тиббий маҳсулотларнинг барча етказиб берувчилари ва дистрибюторларини қуйидагиларга чақирган:

  • улар тарқатаётган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қалбакилаштирилганлик белгилари ва жисмоний ҳолатини доимо текшириб туриш;
  • дори воситаларини фақат ваколатли органлар томонидан тасдиқланган манбалардан тарқатиш;
  • дори воситалари ва уларни тақсимлашнинг аниқ ва тўлиқ ҳисобини юритиш;
  • дори воситалари билан ишлашга малакали ходимларни жалб этиш ва аҳолига дори воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича маслаҳат бериш.

 

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech