08:50 (25.10.2024)
524
Маълумки, кузда аҳоли орасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кўпаяди. Айниқса, бу фасл ёш болалар ўртасида шамоллаш ва грипп хасталиклари авж оладиган палла.
Албатта бундай пайтда ота-оналар фарзандларини вирусли касалликлардан ҳимоялаш учун янада эътиборли бўлиши жуда муҳим. Хўш, бунда нималарга аҳамият бериш керак?
Ушбу саволга тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат Шамсиев батафсил жавоб берди.
— Ёмғирли кунлар ва салқин об-ҳаво шароитида организмнинг вирус ва инфекцияларга қарши курашиш қобилияти пасаяди, — дейди мутахассис. — Яъни, ҳавода намлик миқдорининг ортиши сабабли организм касалланишга мойил бўлиб қолади. Бу ҳолат, айниқса, ёш болаларда яққол намоён бўлади.
Уларнинг бундай инфекцияларга дуч келмаслиги учун, энг аввало, оилада ўқил-қизларни гигиеник қонун-қоидаларга ўргатиш, қўлни совунлаб ювиш ёки тез-тез антисептик воситалар билан дезинфекция килишни уқтириш зарур. Чунки бу — мавсумий вирусли инфекциялардан ҳимояланишнинг энг муҳим омили ҳисобланади.
Юзларни қўл билан кўп ушламаслик, хоналарни доимий шамоллатиш, фарзандларга йўталганда ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпишни ўргатиш зарур.
Шунингдек, болаларга касал бўлган тенгқурлари олдига яқин келмасликни айтиш, ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тушунтириш лозим. Агар фарзандлар касал бўлиб қолган бўлса, мактабгача таълим муассасасига ёки мактабга юбормаслик керак.
Иситмаси юқори боланинг томоғини йод ёки зелёнка билан артиш кўп кузатиладиган янглиш хатти-ҳаракат. Чунки кичик ёшли беморнинг нафас йўли шиллиқ қавати жуда нозик, қолаверса, вирусдан яллиғланган ва шишган бўлади.
Агар юқорида айтилган суртмалар билан ишлов берилса, шиллиқ қават жароҳатланиб, шиш катталашиб, ларингит юзага келиши ва бошқа асоратлар кузатилиши хавфи бор.
Боланинг фибрил тутқаноғи бўлмаса, касаллик туфайли тана ҳарорати 38-38,5 даражадан паст бўлганда иситмани туширишга ҳожат йўқ. Шундан ортсагина “Парацетамол” ёки “Ибупрофен” (болалар учун эритма) бериш мумкин.
Шуни унутмаслик керакки, тана ҳароратининг 37 С° даража экани иситма кўтарилганини англатмайди. Қайта-қайта иситмани туширувчи дориларни ичириш эса ундаги терморегуляция марказига салбий таъсир этади.
Бундан ташқари, аллергик йўтал, астма, юқори нафас йўлларининг яллиғланиши кузатилаётган болалар бор хоналарда исириқ тутатиш мумкин эмас. Чунки тутун кичкинтой органлари спазмини кўпайтириб, йўтални янада кучайтириши мумкин.
Шамоллаш чоғида ва тана ҳарорати кўтарилганда кўп суюқлик ичиш касалликни тезроқ енгишга ёрдам беради. Қолаверса, болани тўғри ва рационал овқатланиши, сурункали инфекция ўчоқларини бартараф этиш ҳамда чиниқтириш бундай мавсумий касалликларни олдини олишга кўмаклашади.
Болага қўшимча D витаминининг сувли эритмаси (Аквадетрим), аскорбин кислотаси, руҳ (цинк) ва селен моддалари, камқонликни даволаш мақсадида темир препаратлари тавсия этилса, нафас йўллари касалликларига қарши курашиш кучини оширишга ёрдам беради.
Шамоллаш мавсумида вакцинация ишларини олиб бориш ҳам касалликдан ҳимояланишда яхши самара беради.