15:00 (18.09.2024)
447
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари ва дунёнинг етакчи шифокорлари тадқиқот ўтказиб, ўнлаб йиллар давомида антибиотиклар таъсирига мослашган бактериялар 2050-йилга бориб қарийб 40 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкин, деган хулоага келишди. Кенг кўламли тадқиқот натижалари Британиянинг The Lancet илмий журналида чоп этилди.
Тадқиқот доирасида олимлар 204 мамлакатнинг 1990 йилдан 2021 йилгача бўлган даврдаги маълумотларини таҳлил қилиб, 2050 йилгача бўлган вазиятни моделлаштиришди. Уларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилгача дунё бўйлаб антибиотикка чидамли бактериядан зарарланиб, ҳар йили 1,91 миллион киши жон беради(2021-йилда 1,14 миллион) , 8,22 миллион ўлим ҳолати шу сабаб туфайли юзага келади. Тахминга кўра, 2025-2050 йиллари айни муаммо жами 39,1 миллион киши ҳаётдан кўз юмишига олиб келади. 169 миллион инсоннинг ўлими қисман бактерияларга боғланиши башорат қилиняпти.
Тадқиқот шунингдек, 1990 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида супербактериялардан ўлим ҳолати сезиларли даражада камайганини кўрсатди - 488 мингдан 193 минггача. 2050-йилга келиб бу кўрсаткич икки баробарга камайиши кутилмоқда. Бироқ, кекса одамларда тескари тенденция кузатилмоқда: 70 ёшдан ошган одамлар орасида супербактериялар келтириб чиқарадиган инфекциялардан ўлимлар сони сўнгги 30 йил ичида 80% га ошган ва шифокорларнинг фикрига кўра, 2050 йилга келиб 146% га ошади.
Шу билан бирга, олимлар таъкидлаганидек, инфекциянинг олдини олишни яхшилаш, янги антибиотикларни яратиш ва соғлиқни сақлаш тизимига эркин кириш орқали миллионлаб ўлимларнинг олдини олиш мумкин. Илмий тадқиқот раҳбарларидан бири, доктор Мохсен Нагхави, бу "бир неча ўн йиллар давомида мавжуд бўлган ва ўсишда давом этаётган" "бутун дунё учун таҳдид" эканлигини таъкидлади.