09:08 (09.06.2023)
2231
Инвазив муолажалар орқали вирусли гепатит В билан кассаланиш эҳтимоли ўртача икки баравар, вирусли гепатит C билан эса беш баравар юқоридир. Гепатит В нинг энг юқори хавфи гинекологик ва оториноларингологик аралашувлардан сўнг, гепатит C — нейрохирургик ва отоларингологик операциялардан кейин келиб чиқиши аниқланди.
Рим шаҳридаги Sapiyenza университети ва Италия соғлиқни сақлаш институти олимлари турли турдаги инвазив муолажаларнинг ўткир вирусли гепатит В ёки C ривожланиш хавфига таъсирини ўрганишди. Тадқиқот натижалари Journal of Hepatology журналида чоп этилган.
Гепатит А билан солиштирганда, инвазив муолажалардан сўнг гепатит В ривожланиш хавфи ўртача икки баравар, гепатит C ни ривожланиш эҳтимоли эса беш баравар юқори бўлган. Кўпинча гепатит В гинекологик жарроҳлик аралашувлардан (хавф 5,19 баравар), оториноларингологик операциялардан (3,78 бараварга) ва торакал жарроҳликдан (3,52 баравар) кейин келиб чиққан.
Вирусли гепатит C ривожланиш эҳтимоли нейрохирургик аралашувлардан кейин 11,88 марта, оториноларингологик операциялардан кейин 11,54 марта ва қон томир жарроҳликдан кейин 9,52 марта ошган. Бундан ташқари, вирусли гепатит C нинг ривожланиши офтальмологик аралашувлар билан ҳам боғлиқ (хавф 8,32 марта ошди). Биопция ва эндоскопик муолажалар гепатит C хавфини 3,84 бараварга ва гепатит В ни 1,48 мартага оширган.
Италиянинг ўткир вирусли гепатити SEIEVA мониторинги тизимидан олинган маълумотлар таҳлил қилинди ва ўткир вирусли гепатит В ва C ривожланиши билан потенциал хавф омиллари, шу жумладан жарроҳлик аралашувлар ва диагностика ёки терапевтик муолажалар ўртасидаги муносабат ўрганилди. Ҳаммаси бўлиб, 8176 ўткир гепатит В ва 2179 ўткир гепатит C ҳолатлари аниқланган.
Тадқиқотчилар гепатит вирусларини тиббий ходимлар ёки муолажалар орқали тарқалишини назорат қилиш учун соғлиқни сақлаш муассасаларида, шу жумладан минимал инвазив жарроҳликда умумий эҳтиёт чораларига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлашди.
Шунингдек, олимлар хавфни камайтириш учун тиббий асбобларни стерилизация қилиш ва қайта ишлашнинг самарали усулларидан фойдаланишни, ходимларни жарроҳлик амалиётининг хавфсизлик қоидаларига қўшимча ўқитишни таклиф қилди. Бундан ташқари, гепатит В га қарши эмлашни кенгайтириш, вирусли гепатит C учун самарали терапияни танлаш ҳамда болалар ва касалланиш хавфи юқори бўлган шахслар орасида гепатит C скринингини ўтказиш керак.