14:38 (01.03.2024)

531

Биринчи ёрдам: нима учун куйган жойга муз қўйиш мумкин эмас?

Биринчи ёрдамнинг асосий қоидаси — тез ҳаракат қилиш. Иккинчи ва энг муҳим қоида эса тўғри йўл тутиш. Кўпчилик бу борада соғлиққа зарар етказадиган хатолар қилиб қўяди. Қуйидаги маслаҳатлар бу борада ёрдам беради.

Бурундан қон кетиши

Хато: бошни орқага ташлаш. Биринчидан, бу самарасиз ва қон кетишини тўхтатишга ҳеч қандай ёрдам бермайди, иккинчидан, бу қонни ютиб юбориш ва кейинчалик қайт қилишга олиб келиши мумкин.
Тўғри йўл: олдинга эгилиб, бурун кўпригини сиқинг. Агар қон кетиши 10 дақиқада тўхтамаса, бурунга пахта тиқиб, шифокорга боринг.

Куйиш

Хато: куйган жойга муз ёки ёғ суртиш. Бундай халқона даволаниш зарарли, чунки ёғ иссиқлик беради ва вазиятни янада кучайтиради. Бошқа томондан, муз тери ҳужайраларини ҳаддан ташқари совитиб юбориши ва уларнинг зарарланишига олиб келиши мумкин.
Тўғри йўл: куйган жойни оқаётган совуқ (муздек эмас!) сувостида бир неча дақиқа ушлаб туринг, сўнгра тоза, қуруқ бандаж билан ўраб, тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.

Оғир шикастланишлар

Хато: шикастланган одамни қимирлатиш. Агар жабрланувчи жойида қолганда жиддий шикастланиш хавфига дуч келмаса, ҳеч қачон бундай қилманг. Бошқа барча ҳолатларда ярадорни қимирлатмаслик, ағдариш ёки тана ҳолатини бошқа йўл билан ўзгартириш мумкин эмас — шу тариқа олган жароҳатлари, шу жумладан, умуртқа поғонаси ёки ички аъзолари зарарланиши мумкин.
Тўғри йўл: тез ёрдам чақиринг ва жабрланувчи атрофидаги бўш жойни максимал даражада оширинг, шунда шифокорлар унга тўсиқсиз ёрдам қилишлари мумкин.

Кесилиш ва жароҳатлар

Хато: ярани тупик билан тозалашга уриниш. Тупик бактерияга қарши хусусиятларга эга деб ишонилади, лекин бу хато. Оғизда жуда кўп бактериялар бор (масалан, улар тиш пластинкасида), улар ярага тушганда инфекцияни кучайтириши мумкин. Худди шу сабабга кўра, ярани дарё ёки кўлдаги сув билан ювиш ҳам хавфли.
Тўғри йўл: ярани водопровод суви ёки физиологик аралашма билан ювиб ташланг, бундай аралашма уйингизда ёки машинангизнинг дори қутисида бўлиши лозим.

Қайрилиш, чиқиш ёки синиш

Хато: илиқ компресс қўллаш фақатгина вазиятни ёмонлаштиради. Иссиқлик қон оқимини оширади, бу эса янада кучли шишга олиб келиши мумкин.
Тўғри йўл: кўкарган ёки синган жойни муз ёки компресс билан совитиб, шикастланган тана қисмини ҳаракатсиз қолдиринг ва иложи борича тезроқ шифокорга мурожаат қилинг.

Кўз шикастланиши

Хато: кўздан бегона нарсаларни олиб ташлашга уриниш. Фақатгина бирор-бир кимёвий модда кирсагина, дарҳол совуқ сув билан кўзни ювиш керак. Бошқа барча ҳолларда бегона нарсаларни мустақил равишда олиб ташлашга уриниш зарарни янада кучайтириши ва ҳатто ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Тўғри йўл: шикастланган кўзни бинт билан боғланг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Йўл-транспорт ҳодисаси

Хато: қўрқинчли жойи йўқ деб, шифокорга бормаслик. Адреналин таъсирида тана оғриқни “яшириши” мумкин, ҳатто жиддий жароҳатлардан кейин ҳам жабрланганларга аҳволи яхши бўлиб туюлади. Аксарият ҳолларда ёрдамнинг тезлиги ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Тўғри йўл: агар машинангиз озми-кўпми жиддий шикастланган бўлса, ўзингизни яхши ҳис қилаётган бўлсангиз ҳам, албатта, шифокорга мурожаат қилинг.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech