08:42 (02.10.2024)
177
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган давра суҳбатида мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф.Ташпулатов ҳам иштирок этди.
Ташриф давомида "Jamjoom Pharma" компанияси раиси Маҳмуд Жамжум билан мулоқот ўтказилди. Учрашувда компания томонидан ишлаб чиқариладиган 30 турдаги дори воситаларини Ўзбекистон ҳудудида рўйхатга олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, тўғридан-тўғри инвестиция киритиш шарти билан “Tashkent Pharma Park” ҳудудида замонавий фармацевтика заводини қуриш ва 2025 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Суҳбат якунида мазкур лойиҳа юзасидан ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.
Шунингдек, “InterHealth Hospital Medical” компанияси томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона ва Қўқон филиаллари ҳамда Кореянинг EDSF жамғармаси кўмагида Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида катталар учун мўлжалланган кўп тармоқли марказ қуриш лойиҳаси бўйича кўрсатилган хизмат учун тўлов шарти билан (user-pay) ишончли бошқарувга бериш таклифлари билдирилди.
Бинобарин, Подшоҳ Салмон номидаги ёрдам ва инсонпарварлик ишлари маркази ҳомийлиги остида Aкадемик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида жорий йил октябрь ойида шифокорларнинг 8 кунлик ташрифини амалга ошириб, 100 тадан 150 гача бўлган беморларда катетеризация ва очиқ юрак жароҳлик амалиёти ўтказилишига келишилди.