12:00 (05.08.2024)

947

 Мия саратонига қарши курашишнинг янги усули топилди

Буюк Британиянинг Кембриж университети ва Ирландиянинг Тринити биотиббиёт фанлари институти олимлари глиобластомага қарши самарали курашиш усулини топди.

Ушбу илмий изланиш натижалари АҚШда чоп этиладиган “Cell Reports Physical Science” журналида эълон қилинди. 

Глиобластома — мия саратонининг агрессив тури. У одатда жуда тез кучайиб, ўз вақтида даволанмаса, соғлом нерв ҳужайраларига ҳужум қилади ва когнитив функцияни бузади. Оқибатда бора-бора беморга дори-дармонлар таъсир қилмай қўяди.

Тадқиқот донорлардан олинган глиобластома тўқималари намуналарида ўтказилди. Маълум бўлишича, электр токи орқали организмдаги NK-ҳужайралар (табиий қотил ҳужайралар)нинг миядаги саратон ўсимталарини йўқ қилиш "қобилият"ини ошириш мумкин.

Буни тасдиқлаш учун лаборатория шароитида “табиий қотил ҳужайралар”га электр майдонини ҳосил қилувчи қурилма ёрдамида таъсир кўрсатилди ва кутилган натижага эришилди.

Айтиш жоизки, NK-ҳужайралар туғма иммунитетнинг ишлашида иштирок этадиган лимфоцитлардир. Олимларнинг таъкидлашича, NK-ҳужайра терапияси кўпинча саратоннинг оғир турларини муолажа қилишда қўлланилади.

Тадқиқотчилар хулосасига кўра, электр майдони орқали даволаш, иммунотерапия ва онкологик касалликларга қарши курашишнинг бошқа усуллари комбинацияси глиобластома билан оғриган беморларнинг соғайиш имкониятини сезиларли даражада ошириши мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech