18:01 (05.09.2023)
1720
Aспириннинг паст дозалари кекса одамларда 2-тоифа диабет хавфини камайтиради. Бундай хулосага австралиялик олимлар узоқ муддатли тадқиқотдан сўнг келишди. Олимлар натижаларни шу кунларда Гамбургда бўлиб ўтадиган Европа қандли диабетни ўрганиш ассоциациясининг (EASD) йиллик йиғилишида тақдим этишмоқда.
Олимлар 65 ва ундан катта ёшдаги 16 мингдан ортиқ одамни кузатдилар. Уларнинг барчаси ўз ёшига нисбатан соғлом эди. Уларнинг ярми назорат гуруҳини ташкил этди, унда одамлар плацебо билан "даволанди". Қолганлари кунига 100 мг аспирин қабул қилишди. Бу юрак хуружининг олдини олиш учун кексалар томонидан қўлланиладиган одатий доза. Бутун дунё бўйлаб кўп миллионлаб юрак касаллиги бор беморлар ҳар куни ва бутун умри давомида 75 дан 150 мг гача аспирин қабул қилишади.
Тадқиқот 4,7 йил давом этди. Шу вақт ичида аспирин 2-тоифа диабет ривожланиш хавфини 15 фоизга камайтирди.
Бу фақат биринчи тадқиқот бўлгани учун диабетнинг олдини олиш учун паст дозали аспирин ҳали барча кекса одамларга тавсия этилмайди. Aммо улар юрак хасталиги билан касалланган миллионлаб одамлар томонидан қабул қилинганлигини ҳисобга олсак, энди у уларни нафақат юрак хуружлари ва саратоннинг айрим турларидан, балки 2-тоифа диабетдан ҳам ҳимоя қилади.
Бу ерда ушбу препаратнинг саратонга қарши таъсирини алоҳида эслаш керак. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аспириннинг паст дозаларини узоқ муддатли доимий истеъмол қилиш билан у ошқозон, йўғон ичак, қизилўнгач, ошқозон ости бези, эркакларда простата ва тухумдонлар, аёлларда кўкрак ва бачадоннинг хавфли ўсмаларини ривожланиш хавфини камайтиради. Бундан ташқари, колоректал саратон хавфи юқори бўлган одамларда препарат профилактика мақсадида расмий равишда буюрилади.