15:55 (18.05.2023)
1368
Саратов давлат университети, Смородинцев номидаги грипп илмий тадқиқот институти, Санкт-Петербург политехника университети ва бошқа халқаро олимлар жамоаси томонидан инекциясиз эмлашнинг янги усули яратилди. Муаллифларининг фикрига кўра, вакцина терига зарар бермасдан соч фолликулалари орқали юборилади. Тадқиқот натижалари Journal of Materials Chemistry журналида чоп этилди.
Эмлаш юқумли касалликларнинг олдини олишнинг асосий стратегияларидан биридир. Анъанавий вакциналар мушак ичига ёки тери остига игна ёрдамида киритилади, бу терининг яхлитлигини бузадиган оғриқли процедурадир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳозирда бундай ёндашувларни инекциясиз усуллар билан алмаштириш тенденцияси мавжуд. Трансдермал иммунизация усулларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади, чунки терида кўп сонли туғма иммунитет ҳужайралари мавжуд бўлиб, уларнинг фаоллашиши кучли адаптив иммунитет реакциясини ривожлантириш учун зарурдир.
"Вакцинани терига киритиш микроигналар ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бу анъанавий игналарга қараганда анча оғриқсиз ва самаралироқ. Бироқ, бизнинг жамоамиз ўз олдига терига умуман зарар етказмайдиган эмлаш усулини топиш вазифасини қўйди”, — деди тадқиқот муаллифларидан бири.
Ечим сифатида соч фолликулалари орқали эмлаш таклиф қилинди. Ушбу ёндашув препаратни иммунологик фаол ҳужайраларга терининг яхлитлигини бузмасдан етказиб беришни таъминлайди.
Соч фолликулалари орқали эмлаш усули лаборатория ҳайвонларида экспериментал равишда синовдан ўтказилди. Тадқиқот мавсумий гриппга қарши эмлаш учун янги ёндашувни таклиф қилди. Гриппга қарши вакцина ташувчиси сифатида тахминан 0,9 микрометр катталикдаги субмикрон сферик кальций карбонат зарралари ишлатилган. Бу заррача ҳажми фолликулларни вакцина билан тўлиқ тўлдириш имконини беради.
Муаллифларнинг таъкидлашича, улар ишлаб чиққан усул ёши катталарда иммунологик реактивлик пасайган ҳолларда ҳамда иккиламчи иммунитет танқислиги бўлган одамларнинг эмлаш профилактикаси ва иммунотерапиясида муҳим ўринга эга бўлади.