15:53 (31.05.2024)

662

Франциядаги дорихоналар иш ташлаш туфайли ёпилди

Францияда фармацевтика ходимларининг умумий иш ташлаши уюштирилди, натижада бутун мамлакатдаги дорихоналарнинг 90 фоизи ёпилди. Намойишнинг асосий сабаблари дори-дармон тақчиллиги ва иш ҳақининг пастлиги.

Францияда фармацевтика мутахассислари умумий иш ташлаш уюштирдилар, натижада бутун мамлакат бўйлаб дорихоналарнинг 90 фоизи ёпилди. Бу фармацевтларнинг сўнгги ўн йилдаги энг йирик норозилиги бўлди, дея хабар беради Franceinfo радиостанцияси.

Иш ташлаш фармацевтлар федерацияси касаба уюшмалари (FSPF) ва фармацевтлар уюшмаси (USPO) томонидан ташкил этилган. Уларнинг маълумотларига кўра, ўша куни Франциядаги 20,5 минг дорихонадан 18 мингтаси (90%) ишламай қолган. Қайд этилишича, айрим фармацевтлар ишдан кетишга мажбур бўлмоқда.

Намойишга дори-дармон тақчиллиги, иш ҳақининг пастлиги ва рецепт бўйича дори-дармонларни интернет орқали сотишга рухсат берувчи қонуннинг қабул қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлган.

Касаба уюшмалари, шунингдек, фармацевтика мутахассислари таъминот узилишлари туфайли беморларга муқобил дори-дармонларни излаш учун катта вақт сарфлашга мажбур бўлишларини таъкидладилар. Бу жараён эса вақт талаб этади ва дорихонага ташриф буюрувчиларнинг норозилигига сабаб бўлади.

Францияда дорихоналар сони камайиб бормоқда. Ўтган йили 283 та, сўнгги ўн йил ичида 2 мингга яқин дорихона банкрот бўлган.

Фармацевтика мутахассислари шунингдек, дорихоналарнинг мамлакатдаги инфляция билан боғлиқ юқори харажатларидан шикоят қилмоқдалар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech