09:02 (08.04.2024)

343

ЖССТ саломатлик бўйича сунъий интеллектга асосланган виртуал маслаҳатчини ишга туширди

ЖССТ Жаҳон соғлиқни сақлаш куни (7 апрель) арафасида S.A.R.A.H. — генератив сунъий интеллектга асосланган такомиллаштирилган эмпатик жавоб функциясига эга саломатлик масалалари бўйича виртуал маслаҳатчи (консультант) прототипининг ишга тушганини эълон қилди.

S.A.R.A.H. (Smart AI Resource Assistant for Health) сунъий интеллектга асосланган, саломатлик масалалари бўйича интерактив ёрдамчи деган маънони англатади ҳамда янги тил моделлари ва энг замонавий технологияларга асосланган тиббий-санитария соҳасидаги маълумотларнинг интеллектуал генераторлари (аватарлари) эволюцияси натижасидир.

Тизим ҳар қандай компьютер қурилма фойдаланувчиси билан кечаю-кундуз саккиз тилда мулоқот қилиш имконига эга бўлиб, саломатлик билан боғлиқ қатор масалалар бўйича маълумотларни тақдим этади. Бунда соғлом турмуш тарзи, руҳий саломатлик йўналишлари ҳам қамраб олинган бўлиб, фойдаланувчиларга ўз соғлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашга режали кўмаклашиб боради.

S.A.R.A.H. ёрдамида фойдаланувчилар бутун дунё бўйлаб асосий ўлим сабаблари, хавф омиллари, жумладан, саратон, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари ҳамда қандли диабет ҳақида батафсил маълумотглар билан танишишлари мумкин. Улар тамаки чекишни ташлаш, фаол турмуш тарзига амал қилиш, соғлом овқатланиш, стрессдан чиқиш ва бошқа турли мавзулар бўйича долзарб маълумотларни олишлари мумкин.

Шунингдек, тизим бутун дунёда саломатлик учун ҳуқуқларни тарғиб қилишнинг яна бир воситаси бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.

“Рақамли технологиялар соғлиқни сақлаш соҳасининг келажагини белгилаб бермоқда ва ЖССТнинг устувор вазифаларидан бири мамлакатларга саломатликни асраш йўналишида рақамли технологиялардан фойдаланишда кўмаклашишдир, — деди ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус. — S.A.R.A.H. саломатлик ҳақида маълумотлар оммабоплигини ошириш учун келажакда сунъий интеллектдан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида бизга тушунча беради”.

S.A.R.A.H.нинг янгилиги шундаки, ушбу тизим берилган алгоритм ёки сценарийдан эмас, балки реал вақт режимида жавоблар мазмунини аниқроқ танлашга ёрдам берувчи генератив сунъий интеллектдан фойдаланади. Бир вақтнинг ўзида одамларнинг ўзаро мулоқотини эслатувчи режимда кўп сонли фойдаланувчилар билан динамик, индивидуал ўзаро алоқани амалга оширади.

 Шунингдек, у жавобларни ҳамдардлик ва бағрикенглик руҳида, фойдаланувчи сўровининг майда жиҳатларини ҳам инобатга олган ҳолда тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тизимнинг аввалги версияси “Флоренс” номи билан аталган бўлиб, ундан COVID-19 пандемияси даврида муҳим тиббий-санитария соҳасига оид маълумотларни тарқатиш учун фойдаланилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech