16:31 (20.06.2023)
2447
Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг асосий вазифалари, энг аввало, ёнғинларнинг олдини олиш, аҳоли ва ташкилотларда кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини кучайтириш, шу орқали ёнғинлар сонини камайтиришдан иборат.
“Дори-Дармон” акциядорлик компанияси ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Шайхонтохур тумани бўлими ҳамкорлигида компания ходимлари учун семинар ташкил этилди. Дастлаб, Шайхонтоҳур тумани ФВБ инспектори майор Ойбек Ибрагимов ходимларни ёнғин хавфсизлиги қоидалари билан таништириб ўтди. Ёнғиннинг олдини олишга доир ўтказилаётган тадбирларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунтиришлар бериб, ёнғиннинг пайдо бўлиш сабаблари, ўчириш воситаларининг ишлатилиш тартиби, ёнғин содир бўлганда дастлаб нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида гапириб, ҳаётий мисоллар орқали мавзу доирасида керакли маълумотларни айтиб ўтди.
Хусусан, ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларидан энг биринчиси эътиборсизлик, носоз буюм ёки электр ускуналарини тузатишни кейинга қолдириш, жиҳозларни ўчиришни унутиш эканлигини таъкидлади.
Шайхонтоҳур тумани ФВБ бошлиғи ўринбосари подполковник Абдукамол Зупарходжаев бугунги кунда ижтимоий тармоқларда анчагина шов-шувларга сабаб бўлган бозорларда, аҳоли турар жойларида келиб чиқаётган ёнғинларни мисол келтирган ҳолда, келиб чиқиш сабаблари ҳақида маълумотлар, айниқса, кўп қаватли турар жойлардаги хонадон деразаларини темир панжара билан беркитишнинг хавфли томонлари, уйда болаларни ёлғиз қолдиришнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантиришлар берди. Эътиборли бўлишга, кичик қоидаларга ҳам риоя қилишга чақирди.
Ёнғин келиб чиққан ҳолатларда бирламчи курашиш воситаси ўт ўчиргичлар ҳисобланади. Улар барча хоналарда ва транспорт воситаларида, биноларда ўрнатилиши керак. Ва уларнинг сувли, кўпикли, кукунли, карбонат ангидридли ва аэрозолли турлари мавжуд бўлиб, қайси ўт ўчиргич қандай турдаги ёнғинни ўчира олишини ўт ўчирувчи моддасига қараб аниқлаш мумкин. Семинарда қандай ёнғирларда қандай ўт ўчиргичлар ишлатилиши, афзалликлари, ўт ўчиргични ишлаш тартиби ҳақида роликлар қўйиб берилди.
Семинарлар амалий машғулотлар билан янада аҳамиятли бўлади. “Дори-Дармон” АК ҳудудига олиб келинган ўт ўчириш машинаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Капитан Шуҳрат Солихов ўт ўчириш машинасининг ишлаш тартиби, ундаги сув миқдори, сув пуркагичнинг тезлиги, ўт ўчириш жиҳозлари, ўт ўчирувчининг кийимлари, ёнғинда қолган инсонларга ёрдам бериш учун зарур бўлган жиҳозлар ҳақида батафсил тушунчалар берди.
Бугунги кунда ўт ўчирувчилар дуч келаётган муаммолар, хусусан аҳоли турар жойларида йўлакларни тўсиб олиш, машиналарни нотўғри жойлаштириш, сув олиш мумкин бўлган жойларни беркитиб ташлаш ҳолатларини олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлиги таъқидланди.