12:44 (16.09.2024)
451
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти биринчи маймунчечак (mpox) вакцинаси - MVA-BN ни дастлабки квалификациядан ўтказди, бу ундан халқаро миқёсда кенг фойдаланиш имкониятларини очиб беради.
ЖССТ таъкидлашича, MVA-BN вакцинаси олдиндан квалификация рўйхатига киритилган, бу эмлаш имкониятини сезиларли даражада яхшилайди, вирус тарқалишини камайтиришга ёрдам беради ва эпидемияларни олдини олади.
Препарат Даниянинг Bavarian Nordic A/S биотехнология компанияси томонидан ишлаб чиқилган. MVA-BN 18 ёшдан ошган одамларга 4 ҳафталик интервал билан 2 дозали инъекция шаклида қўлланилиши мумкин. Вакцина 8 ҳафта давомида 2 дан 8 ° C гача бўлган ҳароратда сақланиши мумкин.
ЖССТ кўрсатмаларига кўра, эмлашнинг фойдаси потенциал хавфлардан юқори бўлса, вакцина «чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар, шунингдек, ҳомиладор аёллар ва иммунитет танқислиги бўлган одамларда эпидемия ўчоқларида» қўлланилиши мумкин.
«Маймунчечакка қарши вакцинанинг дастлабки квалификацияси Африкадаги ҳозирги авж олиш шароитида ҳам, келажакда ҳам ушбу касалликка қарши курашимиздаги муҳим қадамдир», деди ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус.
Aфрика Иттифоқи маълумотларига кўра, 2024 йилда қитъада 38,4 мингта mpox касаллиги қайд этилади, бу аллақачон 1465 кишининг ўлимига олиб келди. Бу ўтган йилга нисбатан 160% кўп.
Маълумот ўрнида, mpox вируси сичқон каби кемирувчилардан ёки касал одамдан юқади. Инфекциянинг энг кенг тарқалган сабабларидан баъзилари танадаги тошмага тегиш, ифлосланган кийим, чойшаб ва шунга ўхшаш нарсаларни ишлатишдир.
mpox вирусли касаллик бўлиб, у асосан марказий ва ғарбий Aфриканинг чекка ҳудудларида тропик ўрмонлар яқинида учрайди. Ушбу касалликни ҳайвонлардан одамларга юқтиришнинг биринчи ҳолати 1970 йилда Конго Демократик Республикасида қайд этилган. ЖССТ маймунчечак эпидемиясини халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон қилди ва уни олдини олиш учун глобал саъй-ҳаракатларга чақирди.