Ўзбекистонга келтирилган салкам 60 минг қути “Док-1 Макс” сиропи назорат остида сақланмоқда
Маълум бўлишича, “Док-1 Макс” дори воситаси Ўзбекистон бозорига 2012 йилдан кириб келган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев. –Мутахассисларнинг маълум қилишича, мазкур дори воситасининг шу давр мобайнида ножўя таъсири бўлмаган. Фақатгина бир партиясида бундай ножўя таъсир кузатилган.
Амалдаги тартибларга кўра дори воситасини эркин муомалага чиқаришда дори воситасининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома ҳамда олиб кирилаётган дориларнинг ҳар бир серияси учун мувофиқлик сертификатлари божхона органларига тақдим қилинади. Шундан сўнггина дори воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
“Док-1 Макс” дори воситаси сақланаётган божхона омборида мазкур дорининг жорий йил декабрь ойида келтирилган 3 та партияси, яъни салкам 60 минг қутиси қатъий назорат остида сақланмоқда. Шунингдек, илгари келтирилиб, эркин муомалага чиқарилиши лозим бўлган яна 2 та партиядаги ушбу дори воситаси ҳам ушлаб турилибди. Божхона органлари томонидан салбий ҳолатлар кузатилган илк кунларданоқ дори воситасини эркин муомалага чиқармаслик учун барча чоралар кўрилган ва ҳозирда қатъий назорат остида.
Маълумот ўрнида, республикамиз божхоначилари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 719 та божхона қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 24,4 миллиард сўмлик дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйди. Мазкур дори воситалари сифатсиз ва давлат рўйхатидан ўтказилмагани учун ҳамда ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя этилмагани учун олиб қўйилган.