Янгиликлар

not found

Юмшоқ пластир овози бузилган одамларнинг нутқини тиклайди

Aмерикалик олимлар гапиролмайдиган инсонларни гапиришига ёрдам берадиган инновацион ямоқни тақдим этишди. Қурилма сунъий интеллект ёрдамида томоқ-халқум мушаклари ҳаракатларини ёзиб олади ва уларни нутққа айлантиради. Кичкина пластир терига ёпиштирилади. У танга ўлчамида, сув ўтказмайди ва вазни етти граммдан ошмайди. Пластир ҳалқум мушаклари ҳаракатини электр сигналларига айлантиради, кейин машина ўрганиш алгоритми орқали нутққа таржима қилинади. У беморда ҳатто овоз пайчалари шикастланган бўлса ҳам самарали ишлайди. Калифорния университети жамоаси пластирни саккизта кўнгиллида синаб кўрди. Улардан бир нечта ибораларни айтиш сўралган. Шу билан бирга улар туриш, юриш ва югуриш орқали қурилманинг ҳаракатланаётганда ишлаш қобилиятини намойиш этишди. Пластир 95% ҳолларда ибораларни тўғри айтиб бера олди. Олимларнинг таъкидлашича, у ҳозирча фақат олдиндан ёзилган жумлаларни айтиб беролади. Aммо келажакда янада такомиллаштирилган алгоритмлар қурилмага ҳалқум мушакларининг ҳар қандай ҳаракатини таниб олишда ёрдам беради, деб хабар беради Agence France-Presse.

  • 14 Март, 14:45
  • Батафсил
not found

Масъул раҳбарлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими йўлга қўйилади

"Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ-49-сон 13.03.2024 й.) қабул қилинди Унга мувофиқ, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРI), уларга эришиш бўйича “йўл хариталари” ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури Ҳукумат томонидан тасдиқланади. Самарадорлик кўрсаткичларига ўз вақтида ва сифатли эришилишини таъминлаш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимини рақамлаштириш мақсадида: самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади; ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши             -70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”,            -70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”,            -85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда            -100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади. Самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилишида раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш мақсадида: ➖ республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини рағбатлантириш тўловлари миқдори уларнинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб белгиланади; ➖ чорак якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари келгуси уч ой учун тўхтатилади ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади, бундан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида самарадорлик кўрсаткичлари асослантирилган сабабларга кўра бажарилмаганлиги тасдиқланган ҳоллар мустасно; ➖ йил якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.

  • 14 Март, 11:45
  • Батафсил
not found

“Электрон поликлиника” тизимининг такомиллашган янги талқини пилот тариқасида ишга туширилди

Оилавий поликлиникаларда беморларни энг кўп қийнайдиган масала нима? Шифокор қабулига узундан узоқ навбат кутиш, албатта. Бу ҳолат, айниқса, ёш болали аёллар, ҳомиладорлар ва оғир беморларга қийинчилик туғдириши бор гап. Бу муаммонинг ечими эса битта! У ҳам бўлса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этишдир. Шундан келиб чиққан ҳолда бугун юртимизда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан бирламчи бўғинда “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши соҳа ходимлари ва беморлар учун айни муддао бўлмоқда. Куни кеча пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 7-сон оилавий поликлиникада “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг такомиллаштирилган янги талқини пилот тариқасида ишга туширилди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.  Хўш, ушбу лойиҳанинг афзалликлари нимада? У беморлар, шифокор ва ҳамширалар учун қандай қулайликлар яратади?  — Гап шундаки, аввалги тизимдан фарқли ўлароқ, мазкур дастурнинг патронаж хизмати рақамлаштирилиб, “Электрон рецепт” (реимбурсация) тизими жорий этилган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Нодир Эшназаров. — Шунингдек, унда реал вақт режимида статистик маълумотларни шакллантириш ва беморларга оид шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоялаш таъминланган ҳамда ахборот тизимлар ўзаро интеграция қилинган.  Қайд этиш керак, такомиллаштирилган “Электрон поликлиника” ахборот тизимининг жорий этилиши ҳисобига аввал бемор шифокор қабулида 40 дақиқа навбат кутган бўлса, эндиликда мутахассис кўригига онлайн ёзилиш орқали бу вақт 10 дақиқагача қисқаради.  Қолаверса:  автоматик ҳисобот шаклланиши орқали ойлик 28 турдаги бланка ва формалар бекор қилинди;  тиббий маълумотларни электрон шаклда сақлаш имкони яратилди;  тизим Давлат персоналлаштириш маркази, MIS-2 ва Электрон ҳукумат платформалари билан интеграция қилинди.  Мазкур янгиликнинг яна бир қулайлиги шундаки, оилавий поликлиникага келган беморнинг юзини аниқлаш дастурлари орқали дарҳол хизмат кўрсатиш режимига ўтилади. Яъни фуқародан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар сўраш билан ортиқча вақт йўқотилиши ва оворагарчиликларга чек қўйилади. Шунингдек, унинг ёрдамида ягона тиббий рақам шакллантирилиб, бемор стационар даволанишлар ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиши ва ўзига тегишли тиббий маълумотномалар билан масофавий танишиш имконига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, “Электрон поликлиника” тизимининг такомиллаштирилган янги талқинининг йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида тиббий маълумотлар алмашинуви учун дастурий муҳит яратиш, соҳани давр талабларига мослаштириш орқали уни модернизация қилишга ёрдам беради. Энг асосийси, янги тизим тиббиётни том маънода аҳолига яқинлаштириб, шифокор қабулига бўладиган узундан узоқ навбатларга чек қўяди.

  • 14 Март, 09:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech