Янгиликлар

not found

25 апрель – Бутунжаҳон безгакка қарши кураш куни

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2007 йил май ойида бўлиб ўтган 60-сессияси қарорига кўра, дунё бўйича ҳар йили 25 апрель – Бутунжаҳон безгакка қарши кураш куни сифатида нишонланади. Безгак касаллиги билан ҳар йили ер юзида 200-300 миллион нафардан кўпроқ инсон касалланади. Бунга экологик табиий офатлар, аҳолининг касалликка мойиллигини юқорилиги, ижтимоий-маиший шароит ҳамда аҳолининг миграциясини кучайиши сабаб бўлади. Мазкур сана безгак касаллигини юқтириш хавфи, безгак бўйича нохуш ҳудудларга чиқишда шахсий ҳимоя чоралари ҳақида хабардор қилиш, безгакни даволаш мумкинлиги ва аҳолига профилактика чораларини кўриш зарурлигини тушунтириш мақсадида эълон қилинган. Касаллик “Anopheles” чивинининг урғочиси чақиши натижасида, ҳамда зарарланган донор қонини қуйганда, тўла зарарсизлантирилмаган тиббий асбоблар, безгак билан оғриган ҳомиладор онадан туғиш жараёнида йўлдош орқали юқади. Касалликнинг яширин даври 7 кундан 3 йил ва ундан узоқроққа чўзилиши мумкин. Касаллик одатда қалтирашдан бошланади. Лоҳаслик, дармонсизлик, жунжикиш, бош ва бел оғриғи, кўнгил айниш, иштаҳа ёмонлашиши ҳолатлари кузатилади. Биринчи хуруж қилиш тана ҳароратининг 38-39 даража ва ундан ҳам ошиши билан бошланади. Агар шундай касаллик белгилари намоён бўлса, албатта тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Тўғри ташхис қўйиш учун қонни безгакка текшириб кўриш шарт. Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлаш керак. Безгакни даволаш учун самарали дори-дармон воситалари мавжуд.

  • 25 Апрель, 11:17
  • Батафсил
not found

Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилади

“Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-149-сон, 22.04.2025 й.) қабул қилинди. Қарорга кўра:-Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилади;-Тошкент тиббиёт академиясининг марказий илмий-текшириш лабораторияси негизида Тиббиёт илмий-инновацион тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилади;-Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали Урганч давлат тиббиёт институти этиб қайта ташкил этилади;-Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва Тошкент давлат стоматология институти клиникаси Тошкент давлат тиббиёт университети клиникалари этиб қайта номланади;-Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз ва Чирчиқ филиаллари Тошкент давлат тиббиёт университетининг Термиз ва Чирчиқ филиаллари этиб қайта номланади;-Тошкент тиббиёт академияси академик лицейи, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ва Тошкент давлат стоматология институти академик лицейи Тошкент давлат тиббиёт университетининг 1-, 2- ва 3-сон академик лицейлари этиб қайта номланади. Таълим дастурларини халқаро тиббий таълим стандартларига мувофиқлаштириб, компетенцияларга асосланган тиббий таълим дастурларини жорий этиш Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ҳужжат билан, шунингдек, университет тиббиёт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университетга талабаларни ўқишга қабул қилиш 2025/2026 ўқув йилидан бошланади. Шу ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини ушбу университетда давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда университет дипломи берилади. 2025/2026 ўқув йилидан магистратурада босқичма-босқич хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этади. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари университет талабалари учун клиник амалиёт базалари этиб белгиланади. Университет тузилмасида ҳомийлик хайриялари ҳисобидан тўлдириладиган Тошкент давлат тиббиёт университетини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

  • 24 Апрель, 15:01
  • Батафсил
not found

Сирдарё минтақавий бўлинмасининг фаолияти ўрганилди

“Дори-Дармон” АК Бошқарув раиси М. Дусмуротов бошчилигида ишчи гуруҳ компаниянинг Сирдарё минтақавий бўлинмасига ташриф буюрди. Бўлинма фаолиятидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва рентабиллик даражасини ошириш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитаси асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ташриф давомида дастлаб, дори воситалари сақланадиган омбор фаолияти урганилди. Омборхона “GDP” сертификатига эга бўлиб, ишлар шу асосида мутахассисларга тақсимланган. Дори воситаларини маркировкалар жараёни, дори воситалари ассортименти, сақлаш шароити, зарур жиҳозларнинг бенуқсон ишлаши бўйича қилинган ишлар билан танишиш асносида керакли кўрсатмалар берилди. Вилоят бўйлаб фаолият юритаётган дорихоналар фаолияти билан танишилди. Яратилган шароитлар ва қулайликлар ҳамда савдо жараёнларида ходимларнинг мижозларга муомиласи кузатилди. Шунингдек, ўрганишлар давомида Бўлинма ҳудудида жойлашган, қурилиши тугалланмай қолган 4 қаватли “Б” корпус биноси ҳам кўздан кечирилди. Ишчи гуруҳ ва бўлинма раҳбариятига қурилишни тугаллаш ва ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш топширилди. Ўрганишлар якуни бўйича Сирдарё минтақавий бўлинмасининг анжуманлар залида йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш давомида дори воситаларини ассортиментини ошириш, реимбурсация дастурига уланган дорихоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, дороихоналарда мижозлар учун қулайликлар яратиш ва соҳага оид бошқа муаммолар муҳокама қилинди, таклифлар урганилди ҳамда масъулларга зарур топшириқлар берилди.

  • 24 Апрель, 12:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech