14:57 (11.05.2023)

2367

 Навбатдаги саёҳат манзили замин сайқали – Самарқанд

"Дори-Дармон" акциядорлик компаниясининг бир гуруҳ ҳодимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан  9-май–“Хотира ва қадрлаш куни" арафасида Самарқандга саёҳат қилишди.  Саёҳат аввалида Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейига борилди. Расадхона 1424-1428 йилларда қурилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Расадхона квадрантнинг диаметри 80 метр, унинг ёйни узунлиги эса 63 метр бўлган. Бу Шарқдаги мавжуд асбоблардан энг йириги бўлган, Беруний ҳам улкан диаметрли квадранти (15 тирсак)лилиги ҳақида маълумот берган.

Қурилишга ўз даврининг машҳур олимлари - астроном, математик, меъморлар жумладан, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид ва Али Қушчилар жалб қилинган. 

Саёҳатнинг кейинги манзили  Шоҳи Зинда, яъни «Тирик шоҳ» мақбаралар мажмуаси бўлди. “Самарқанд марвариди” деган номга сазовор бўлган Шоҳи Зинда ансамбли нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки, машҳур алломалар, авлиёлар маликалар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир. Бу ердаги ҳар бир мақбара фақат ўзигагина хос безаклар билан қопланган бўлишига қарамай уларнинг барчаси яхлит бир композисияни, тугал бир меъморчилик асарини ташкил этади. Шоҳизинданинг яна бир қимматли томони шундаки, бу ерда Самарқанднинг қарийиб уч минг йиллик тарихи мужассамдир. 

Саёҳатчилар Шоҳи зинда мажмуасидан чиқиб, Хўжа Дониёр мақбарасини зиёрат қилишди.  Мақбарада дунёдаги энг узун - 18 метрлик қабр мавжуд. Мақбара биноси XX аср бошларида қурилган. Шунга қадар бу ерда Хўжа Дониёрнинг қабри ва масжид бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар бор.

Ҳамкасбларимиз Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишни ҳам унутишмади. Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуаси бутун жаҳон маданий меросининг объектларидан бири ҳисобланган Ҳазрати Хизр масжидига уйғун равишда қурилган. Мажмуа ҳудудида миллий услубда қад ростлаган айвонга зиёратга келувчилар учун ўриндиқлар қўйилган. Айвон пештоқларида Қуръони карим оятлари ҳамда Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ўзбек, араб ва инглиз тилларида ёзилган.

Саёҳатчиларимиз ташриф буюрган яна бир маскан Қутби Чордаҳум маҳбараси.  Тарихга назар ташлайдиган бўлса, Соҳибқирон Амир Темур тариқат пирлари ва буюк шахсларга ғоят ҳурмат-эътибор билан қараган, уларнинг шарафига мақбара-ю масжидлар бино эттирган. Ана шундай зотлардан  бири шайх Нуриддин Басир - Қутби Чордаҳум ҳазратлари эди. У кишига атаб қурдирилган меъморий обида Амир Темур фармойиши билан бунёд этилиб, Соҳибқироннинг Арк ичида, Регистон тарафга қараган дарвозаси ва девори ёнида қурилган. Ушбу ёдгорлик 1881 йилга қадар сақланган. Самарқандни 1868 йилда Чор Россияси босиб олганидан сўнг, мақбара йўқ қилинган.  Халқ орасида Қутби Чордаҳум сифатида танилган шайхнинг ҳозирги  мақбалари  Қозикалон  Сайид Мир Низомиддинхожа  авлод-набиралари  Муаззазхон Муҳаммад Раҳимхон қизи Салихбаева ва  унинг тўнғич фарзанди, бобосининг издоши Анвар Саидович Салихбев  томонидан  19-асрга тааллуқли  архивдаги расм ва чизмалар  асосида қайта  тикланиб  1997-2001 йилларда қурдирилган.

Компания  ходимлари тунги Самарқандни кузатиш, қалбга  осудалик бериш, тарих билан ҳамнафас бўлиш илинжида оқшом палласи  Регистон майдонини томоша қилишди. Регистон майдони Улуғбек мадрасаси, Шердор мадрасаси, Тиллакори мадрасаларидан иборат мажмуа бўлиб,  Ер юзининг сайқали деб тан олинган. Регистон майдони Амир Темур бирлаштирган йигирма етти давлат пойтахти бўлган машҳур Самарқанднинг ўзига хос ва мос бўлган кўзгусидир.

Бугун маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборини тортгани ҳолда уларнинг эътирофига савозор бўлаётган «Боқий шаҳар» мажмуаси ҳам ҳамкасбларимизда катта тассурот қолдирди. Мажмуа дизайни «Минг бир кеча» эртакларига монанд шаклда бунёд этилган, безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.

Саёҳатнинг иккинчи куни "Дори-Дармон" АК ходимлари Самарқанд вилояти Нуробод туманининг тоғли ҳудуди-  Оқсой қишлоғида жойлашган  Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига боришди. Ҳазрати Довуднинг қўлида темир мумдек юмшаган. У темирларни қўллари билан хамир каби эгиб-букиб, ундан турли нарсаларни ясаш қувватига эга бўлган. Шу сабабли Довуд алайҳиссалом темирчилар пиридир. Ғорга етиб бориш учун тоғ чўққисига олиб борадиган 1527 зинапоядан ўтиш керак. Кейин Ҳазрат Довуд ғорининг ўзига 200 қадам пастга тушиш керак. Таъкидлаш керакки, бу масканга ҳар куни 10 мингдан ортиқ одам келади.

Икки кунлик  компаниямиз ходимлари учун мароқли ва ўзига хос хайрли таассуротларга бой бўлди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech