15:00 (26.05.2023)
2575
“Dori-Darmon” акциядорлик компаниясида вақти –вақти билан компания масъуллари ва дорихона мудирлари учрашуви анъанага айланган. Куни кеча компаниянинг тижорат директори Н. Ҳусанов, Бошқарув раиси маслаҳатчиси О.Ходжиметов дорихона мудирлари билан навбатдаги учрашувни ўтказди. Йиғилишда қонунчиликдаги соҳага оид янгиликлар, мавжуд муаммолар, савдо сифатини ошириш, касб этикасига риоя қилиш, хизмат вазифасини сидқидилдан бажариш, ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга йўқ қўймаслик масалалари муҳокама қилинди ва олдинда қилиниши лозим бўлган ишлар, вазифалар белгилаб олинди.
Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш мақсадида фармацевтика соҳасида анчагина янгиликлар жорий этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 411-сон Қарори билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланди.
Шунингдек, қарорда истеъмолчилар томонидан дорихоналарда харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюм харид чекларнинг QR-коди «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда белгиланган устамалардан ортиқча маблағ олинганлиги аниқланса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига хабар юборилиб, ортиқча олинган маблағни истеъмолчига қайтариш чоралари кўрилиши ҳам белгиланган эди. Шу асосда 2023 йил 1 июндан бошлаб - “Soliq hamkor” ахборот тизими ишга туширилмоқда. Ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатлар назорат ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун асос бўлади. Мурожаатлар ваколатли органлар томонидан 10 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилади.
Мурожаат берган шахс тасдиғини топган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича мукофот олади: маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жариманинг 20 фоизи ва жиноятлар учун БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда.
Йиғилишда қонунчиликдаги шу каби янгиликлар билан бирга, амалда бўлган қоидаларга риоя қилиш кераклиги ҳам уқтирилди. Хусусан, мамлакатимизда 2020 йилнинг январь ойидан онлайн НКМ ва виртуал кассаларга ўтиш жараёни бошланган бўлиб, дорихоналарда ҳам ҳар бир харид QR кодли чек бериш билан бирга амалга оширилиши лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди. QR кодли чек бермаслик савдо объектларининг энг кўп йўл қўйилаётган хатоси эканлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига кўра: чек бермаслик беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бундай QR кодли чеклар қонуний фаолиятдан гувоҳлик беради.
2020 йилнинг 1 июлидан тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан қонун талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш мақсадида “Сирли харидор” институти жорий этилган. Ушбу институт тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан рецептларни ёзиш, дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларини қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаб бориш билан шуғулланади. Албатта ноқонуний ҳатти ҳарақатлар аниқланганда тегишли тартибда жазо чоралари қўлланилиши тушунтирилди.
Учрашув жараёнида дорихона мудирлари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича жавоблар олишди.