10:01 (01.05.2023)

3064

1 май “Фавворалар куни”

Ҳар йили Ўзбекистонимизда 1 май “Фавворалар куни” сифатида нишонланади. Бу анъана Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 апрелдаги "Тошкент шаҳрида "Фавворалар сайли" ёшлар оммавий-маданий тадбирларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга ошириб келинмоқда. 

Маълумотларга кўра, Испания элчиси Клавихо 1404 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Амир Темурнинг Дилкушо боғида бўлганида беҳад ҳайратга тушган. Чунки бу ерда усталик билан қурилган фаввораларни у дунёнинг ҳеч қаерида учратмаган эди. Кейинчалик у ўз таассуротларини қуйидагича баён этган: "Подшоҳ махсус қурилган баланд ўриндиқда ўлтирар ва унинг олдида суви тепага отилиб турган фаввора бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди…”

Дарҳақиқат, XIV-XV асрларда юртимизда урф бўлган фавворалар ҳали Европа халқлари учун нотаниш бўлган. Қадимий фаввораларни Алишер Навоий асарлари ва "Бобурнома"га ишланган миниатюраларда ҳам кўриш мумкин. Ўз даврида фавворалар ёйсимон, тўртбурчак шаклларда бўлиб, анвойи гуллар уларга янада кўркамлик бахш этган. Махсус тайёрланган сопол қувурлар орқали келиб, отилиб чиққан сув ҳовузчаларга тушиб, яна ёпиқ ариқлар орқали чиқиб кетган. Мураккаб муҳандислик-қурилиш ечими асосида барпо этиладиган фавворалар аждодларимизнинг зеҳни, бунёдкорлик салоҳияти, меъморчилик санъати нақадар юксак бўлганлигидан далолатдир.

Тарихий маълумотларга кўра, Тошкентдаги дастлабки фаввора 1890 йилда қурилган бўлиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри билан бирга бунёд этилган экан. Бугунги кунга келиб уларнинг сони ортиб, майдони, кўриниши, ранг-баранглиги ҳам тубдан такомиллашган.

Дарҳақиқат, фавворалар каттаю кичик ҳаммага бирдек завқу шавқ улашади, қувонч ва кўтаринкилик бахш этади, қалбларимизга ором, руҳиятимизга тетиклик ҳадя қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech