09:54 (31.08.2023)
1102
Фармацевтика соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, ушбу соҳанинг ривожланиш даражаси аҳолининг ҳаёт сифати кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам соҳани ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика саноатида 220 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари фаолият олиб бормоқда. Хусусан,
87 та дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар,
37 та тиббий техникаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар,
88 та тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчи корхоналар,
8 та дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш ва бошқа корхоналар.
2023 йилнинг январь-июль ойларида умумий қиймати 2,0 трлн. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, йил якунига қадар фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 5,2 трлн сўмга етказиш режалаштирилган.
Ўтган 7 ой давомида 195 турдаги янги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Маълумотларга кўра, стоматология, онкология, токсикология ҳамда пульмонология гуруҳларига кирувчи дори воситаларини маҳаллийлаштириш даражаси ошган.
Ўтган давр оралиғида 795,0 млн. долларлик фармацевтика маҳсулотлари импорт қилинган. Япония, Швейцария, Австрия, Германия, Италия давлатларида ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳажми сезиларли даражада кўпайган бўлиб, Ҳиндистон ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импорти қисқарган.
27 та мамлакатга жами 80 млн. долларлик фармацевтика маҳсулотлари ва хизматлари экспорт қилинган бўлиб, йил якунига қадар 187,5 млн. долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.
Ўзбекистон аҳолисининг йиллик эҳтиёжи 1500 дан ортиқ турдаги умумий қиймати 1,6 млрд. долларлик дорига тенг. Йиллик талабнинг қопланганлик даражаси 2022 йилда 45 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг якунига қадар 55 фоизга етказиш мақсад қилинган.