12:50 (05.04.2023)
2890
Кеча ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, инқирозли коммуникация, дезинформация ва фейк хабарларга қарши курашиш, қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш” мавзусидаги уч кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади.
Семинар-тренингда Мелбурн университетидаги Табиий офатларни бошқариш ва жамоат хавфсизлиги бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси аъзоси, оммавий коммуникациялар бўйича тажрибали эксперт Боб Женсен маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этаяпти.
Тадбир аввалида Агентлик директори А.Ходжаев мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, лойиҳа-дастурлар, йўл хариталарини аҳолига содда ва осон тилда етказиш, давлат органларининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашда ахборот хизматларининг устувор жиҳатларини санаб ўтиб, бунда уларнинг ҳам амалий ҳам назарий кўникмаларини такомиллаштириш, халқаро талабларга мос равишда тажриба оширишлари учун Агентлик томонидан мунтазам равишда тегишли ишлар амалга оширилаётгани, шу жумладан, махсус семинар-тренинглар ташкил этилаётганини таъкидлади.
Америкалик эксперт Боб Женсен маҳорат дарсида инқирозли коммуникацияни ташкил қилишнинг муҳим жиҳатлари, унга қарши мулоқот режасини ишлаб чиқиш, ахборот хизматларининг бундай вазиятларда тезкор муносабат билдириш принциплари ва бошқа долзарб мавзулар бўйича нутқ сўзлади.
Тадбирга 100дан зиёд матбуотлари котиби жалб қилинган бўлиб, улар тренинг давомида ўзларини қизиқтирган ҳамда ҳар бир соҳада аҳамиятли бўлган саволларга жавоб олишмоқда. "Дори-Дармон" АК матбуот котиби К. Пардаева ҳам мазкур семинар-тренингда иштирок этаяпти.
Эслатиб ўтамиз, семинар-тренинг 4-6 апрель кунлари бўлиб ўтади. Тренинг якунида қатнашчиларга махсус сертификат топширилади.