13:00 (22.05.2023)
2089
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг (CDC) хабар беришича, заҳарланган кўз томчилари сабаб бўлган бактериал инфекциялар билан касалланганлар сони 81 тага етган. Март ойида касалланганлар сони 68 та эди. CДC маълумотларига кўра, тўрт киши асоратлардан вафот этди.
Уларнинг 14 нафари кўр бўлиб қолди, яна 4 нафар беморнинг кўз олмаларини жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга тўғри келди. Кўпгина инфекциялар кўзлар билан чекланган бўлсада, бактериялар қон оқимига кирганда ўлимга олиб келиши мумкин. "Булар ҳалокатли ва ҳаётни ўзгартирувчи инфекциялар", деди CDC нинг микробларга қарши препаратларнинг барқарорлиги бўйича гуруҳ бошлиғи Маройя Сполдинг Уолтерс.
Кўпгина беморлар турли маркадаги кўз томчиларидан фойдаланганликларини айтишган бўлсада, инфекцияланганлар орасида кенг тарқалган бренд EzriCare Artificial Tears эканлиги аниқланди. EzriCare кўз томчиларининг очиқ флаконларида ҳам беморлардан олинган намуналар билан бир хил бактериялар борлиги аниқланган. EzriCare маҳсулотлари Ҳиндистонда Global Pharma Healthcare томонидан ишлаб чиқарилган ва асосан онлайн сотилган. Тиббиёт регуляторлари одамлар бу маҳсулотни, шунингдек, худди шу ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган кўз томчилари ва малҳам шаклидаги Delsam Pharma маҳсулотларини ишлатишни тўхтатишлари кераклигини айтди.
Февраль ойида Global Pharma ушбу учта маҳсулотни қайтариб олганидан бу кўрсаткич пасайганлигига қарамай, CDC касалланганлар сони янада ортиб бориши мумкинлигини айтиб ўтди. Инфекциялар Pseudomonas aeruginosa бактериясининг ўзига хос штаммидан келиб чиқади. У билан кўп ҳолларда стандарт антибиотиклар билан курашиш қийин ва баъзида умуман самарасиз.
Ўтган йилгача бактерияларнинг бу ўзига хос шакли Қўшма Штатларда ҳеч қачон қайд этилмаган. Ҳозирда Американинг 18 та минтақасида ҳолатлар аниқланган. АҚШдан ташқарида ана шу бактериялар билан касалланиш ҳолатлар ҳали аниқланмади.