10:04 (11.09.2023)
1919
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб:
Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика “Она ва бола скрининг” маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилади.
Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий филиаллари:
- хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради;
- никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади;
- ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди;
- соғлом оилани режалаштириш ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширади.