12:03 (20.09.2023)

1700

Ижтимоий тармоқларда 4 минг 500 дан ортиқ рекламалар юзасидан ўрганишлар ўтказилган

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг асосий фаолият йўналишларидан бири бу – реклама бозорини тартибга солишдан иборат.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов иштирокида брифинг ташкил этилди.

Унда соҳага оид маълумотлар тақдим этилди. Қайд этилишича, назорат ва профилактика тадбирлари ўтган йилларга нисбатан оширилиши ҳисобига, ҳуқуқбузарликлар сони ва даражасини камайтиришга эришилмоқда. Жумладан, оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда, ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган (тарқатилган) рекламаларнинг қонунчилик ҳужжатларига мослиги юзасидан жами 24 мингдан ортиқ ўрганишлар ўтказилди.

Сўнгги йилларда оммалашиб бораётган ахборот алмашиш ва тарқатиш манбаи ҳисобланган ижтимоий тармоқларда 4 минг 500 дан ортиқ рекламалар юзасидан ўрганишлар ўтказилган, шундан (Facebook – 144 та, Instagram – 344 та, Telegram – 4 минг 108 та) қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва бартараф этилган. Истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасини назорат қилиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Маълумки, реклама фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни ва бошқа (10 га яқин) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Қўмита реклама бозорини тартибга солишни нафақат назорат функциялари орқали, балки тушунтириш ва профилактика ўтказиш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш чораларини кўриш йўли билан амалга оширишга кўпроқ эътибор қаратган.

Қўмита томонидан биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар, шифобахш ва маъданли сувларнинг рекламасида қайд этилган хусусияти юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигидан 150 дан ортиқ ҳолат бўйича эскперт хулосаси олиниб, 103 та ҳолат бўйича камчиликлар бартараф этилган.

Шунингдек, рекламага оид қонунбузилишларга нисбатан тезкор чоралар кўриш мақсадида букмекерлик хизматларига оид рекламани тарғиб қилувчи сайтларга киришни блоклаш чоралари кўрилмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи 92 та веб-сайтни блоклаш бўйича АОКАга таклифлар киритилган бўлиб, шундан 27 та сайт блокланган.

Ижтимоий тармоқларда эстрада юлдузлари, спортчилар ва блогерлар томонидан тотализаторлар ва букмекерлик хизматларини реклама қилиш ҳолатлари бўйича ички ишлар органларига 11та тегишли мазмундаги хат тақдим этилган.

Мутахассисга кўра, қўмита тегишли масъул идоралар билан биргаликда республикамизда мавжуд ташқи реклама объектларидаги рекламаларнинг давлат тили қоидаларига мослигини ўрганиш юзасидан жами 9 мингдан ортиқ мониторинг ўтказган. Шундан, 3 мингдан ортиқ (35 фоиз) рекламалар давлат тили қоидаларига мувофиқ эмаслиги аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech