10:42 (11.09.2024)
680
“Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-311-сон, 05.09.2024 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш Давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда аҳолидан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
Қуйидагиларни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади, жумладан:
— давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари тасдиқланади ва ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади;
— кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади;
— шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади (реимбурсация дастури);
— тиббиёт ташкилотлари фаолиятидаги жараёнларни ўз ичига олувчи “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими яратилади ҳамда ишга туширилади;
— кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб этилади;
— туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарида тиббий ёрдам кўрсатишда касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, бепул даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланади ва амалиётга жорий этилади;
— имтиёзли тоифадаги шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади.