15:25 (01.04.2024)

340

Дори воситаларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида фаолият юритувчи “K-B.” МЧЖга қарашли дорихонада мувофиқлик сертификати бўлмаган 87 турдаги ҳамда давлат рўйхатидан ўтмаган 66 турдаги умумий баҳоси 310 млн сўмлик 19 350 дона дори воситаларини сотиш учун сақлаб келинганлиги аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Наманган вилоят бошқарма томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “G.Ph.” МЧЖнинг Наманган шаҳридаги дорихонаси мудири Г.Х. фуқаро А.С.га 40 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз 645 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан сотиш учун сақлаб қўйилган 4 турдаги жами 204 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Норин туман бўлим томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “B.S.” МЧЖ дорихонаси сотувчиси Г.А. фуқаро М.Х.га 63 дона “Габатен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз 252 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech