09:02 (15.08.2023)
2498
Дунёда нархи миллионлаб долларларни ташкил этувчи қиммат дори-дармонлар даври бошланмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal. AҚШ ва Европа регуляторлари ноёб генетик касалликларни бир курсда даволайдиган ва камида 2 миллион доллар турадиган тўртта янги дорини тасдиқлади.
Мисол учун, CSL компаниясининг гемофилия B касаллигини даволашга мўлжалланган Hemgenix дори воситасининг нархи рекорд даражада- 3,5 млн. долларни ташкил этди.
Bluebird компаниясининг болаларда кам учрайдиган неврологик касалликларни даволаш учун ихтиро қилинган Skysona дориси 3 млн. доллар туради. Aйнан шу компаниянинг ирсий қон касалликларини даволовчи Zynteglo дориси 2,8 млн. доллар туради.
McKinsey консалтинг компанияси маълумотларига кўра, тиббиёт бозорида бундай дорилар сони ўсишда давом этади ва 2024 йилга келиб 30 га яқин янги ген терапия усуллари жорий этилиши мумкин.
"Бу мослашувчан бўлмаган суғурта тизимига йўналтирилган инновацион юк поезди" - дейди Бостонда жойлашган Клиник ва иқтисодий тадқиқотлар институти раҳбари Стивен Пирсон.- "Тўловчилар "йўқ" дейиш мумкин эмас, чунки беморларда бошқа танлов бўлмайди", дея қўшимча қилди у.
“Миллионли дори воситалари” рўйхатидаги дори воситаларининг аксарияти ген терапияси учун мўлжалланган бўлиб, ишлаб чиқарувчилар бундай даволаниш орқали беморлар ирсий касалликлардан бутунлай фориғ бўлиши ёки узоқ йиллар бу касаллик ҳақида унутиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Илгари дунёдаги энг қиммат дори Швейцариянинг Novartis компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Zolgensma дори воситаси ҳисобланган. Бу дорининг битта инъекцияси боладаги орқа мия мушаклари атрофиясини даволаш учун етарли. Нархи 2,1 млн. доллар.