14:31 (15.06.2023)

1753

Германиядаги аксарият дорихоналар ёпилди

14 июнь куни Германия федерал фармацевтика уюшмалари иттифоқи бутун мамлакат бўйлаб норозилик куни эълон қилди. Шу боис мамлакатдаги аксарият дорихоналар ёпилди.

Намойишлар мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида, жумладан Берлин, Дюсселдорф, Мюнстер, Висбаден, Марбург ва Аугсбургда бўлиб ўтмоқда.

Намойишчилар дорихоналарга қўшимча молиявий ёрдам ва бюрократик тизимни соддалаштиришни талаб қилмоқда.

Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах ўзининг “Твиттер”даги саҳифасида Берлиндаги идораси олдидаги норозилик намойиши суратини жойлаштирди. Унда оқ халат кийган ва баннерлар кўтарган юзлаб одамлар акс этган.

“Deutsche Apotheker Zeitung” газетасининг полицияга таяниб хабар беришича, Берлиндаги намойишда 3800 нафарга яқин одам қатнашган.

Аввалроқ, Германияда узоқ вақт давомида дори-дармонлар, жумладан антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи воситалар, болалар учун сироплар ва саратонга қарши дори воситалари етказиб беришда узилишлар кузатилаётгани хабар қилинган эди. Қайд этилишича, апрель ойида мамлакатда 480 номдаги дори-дармон тақчиллиги кузатилган.

Ўз навбатида, Германия федерал тиббиёт палатаси ҳукуматни хориждан дори-дармонларни етказиб беришда узоқ вақт давом этаётган узилишлар фонида ҳаётий муҳим дори воситаларининг миллий захирасини яратишга чақирди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech