09:00 (23.08.2024)
690
Ҳиндистоннинг энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси Ҳиндистон Серум институти (SII) йил охиригача mpox вирусига (маймунчечакнинг янги номи) қарши вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мед.неwс хабар бермоқда.
"mpox эпидемияси туфайли биз ушбу касалликка қарши вакцина ишлаб чиқиш устида ишламоқдамиз. Умид қиламизки, жорий йил охиригача ижобий натижага эришилади”, — дея SII директори Aдар Пунавалла сўзларини келтиради сайт.
Унга кўра, Пунедаги Миллий вирусология институти Ҳиндистонда 2022 йилда маймунчечак билан касалланган 30 та ҳолат қайд этилган mpox намуналарини ўрганиш бўйича мамлакатдаги етакчи тиббий муассасага айланган.
Аввалроқ Ҳиндистон ҳукумати mpox тарқалиши хавфи туфайли аэропортлар, денгиз портлари ва Бангладеш ҳамда Покистон билан чегараларда ҳушёрликни кучайтирган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йил июл ойида маймунчечак эпидемиясини халқаро ташвишга соладиган фавқулодда ҳолат деб эълон қилган эди. Ҳиндистонда mpox инфекциясининг охирги ҳолати 2024 йил март ойида аниқланган. Мамлакат бош вазири идораси маълумотларига кўра, ҳозирда Ҳиндистонда маймунчечак билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Маймунчечак - кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, унинг белгилари иситма, интоксикация, катталашган лимфа тугунлари ва доғлар кўринишидаги тошмалар, пуфакчалар пайдо бўлиши саналади.
Юқумли касаллик икки-тўрт ҳафта давом этади, аммо оғир ҳолатларда ўлимга олиб келиши мумкин.